Электромобилларда такси хизматларини кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар 2040 йилга қадар барча лицензия тўловлари ва йиғимларидан озод қилиш таклиф этилмоқда.

Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасида қайд этилган.

Шунга кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ва «Ўзавтосаноат»га уч ой муддатда республика ҳудудида босқичма-босқич йўналишли ва йўналишсиз таксиларни электромобилларга ўтказишни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифасини юклатиш кутилмоқда.

Бундан ташқари, электромобилларда ҳаракатланувчи шахслар муниципал (коммунал) мулкка тегишли бўлган автотураргоҳлардан фойдаланганлик учун тўловларни тўлашдан озод этилади. Бу борада Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли чораларни кўради.

Ҳудудий маъмуриятлар Энергетика вазирлиги билан бирга қуйидаги миқдорда тўхтаб туриш ўрнига эга бўлган муниципал (коммунал) мулкка тегишли бўлган автотураргоҳларда камида 2 дона (2 та каналли) тезкор усулда қувватлантириш станцияси инфратузилмасини ташкил этади:

  • 2022 йилда ҳар 200 та тўхташ жойига камида 2 дона;
  • 2023 йилда ҳар 150 та тўхташ жойига камида 2 дона;
  • 2024 йилда ҳар 100 та тўхташ жойига камида 2 дона;
  • 2025 йилда ҳар 60 та тўхташ жойига камида 2 дона;
  • 2026 йилда ҳар 40 та тўхташ жойига камида 2 дона.

Бунда, 2 дона 2 та каналли 120 КВт қувватлантириш станцияси учун 630 кВА трансформатор билан таъминлаш зарур. Қувватлантириш станцияларини электр энергияси билан таъминлаш учун керак бўладиган трансформаторларни қувватлантириш станцияларига яқин жойларга ўрнатилади.

Умумий фойдаланишда бўлган ер участкаларида қувватлантириш странцияларини ҳамда уларнинг ҳар бири атрофида камида иккита электромобиль учун тўхташ жойини белгилаш схемасини станцияларнинг барча инженерлик коммуникация тармоқларига қулай жойларда ўрнатилишини тасдиқлайди. Бундай ер участкаси қисмида доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида тадбиркорлик субъектларига қувватлантириш станцияларини ўрнатишга рухсат берилади.

Президент қарори лойиҳаси муҳокамаси 9 апрелга қадар давом этади.

Аввалроқ, мазкур лойиҳа билан вазирлик, идора ва барча бюджет ташкилотлари хизмат машиналарининг 2025 йилгача камида 10 фоизи, 2030 йилгача 100 фоизи электромобилларга алмаштирилиш таклиф этилгани ҳақида ёзгандик. Қолаверса, «тез ёрдам» машиналари ҳам 2023−2026 йилларда электрда ҳаракатланувчи транспортга ўзгартирилади.

Бундан ташқари, 2023 йилдан янги барпо этиладиган турар ва нотурар тижорат кўчмас мулкларида электромобиль қувватлаш станцияларини ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Қолаверса, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги барча АГТКШ ва АЁҚШлари электромобилни қувватлаш станциялари билан таъминланади.