Skype Ўзбекистонда эркин очила бошлади. Мессенжер 2021 йил июль ойида Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчилар реестрига киритилган эди. Ҳозирда Skype ушбу реестрдан чиқарилди.

Сервисдан тақиқ олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумотни «Газета.uz»га Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади. Вазирлик мессенжернинг қайта ишлаши «Skype билан ўзаро манфаатли музокаралар натижаси» эканлигини қайд этди.

Вазирлик қонунни бузувчилар реестрига киритилган бошқа хизматларга тақиқни босқичма-босқич олиб ташлаш бўйича ишлар олиб борилаётганини қўшимча қилди. Ҳозирда реестрда тўртта ресурс мавжуд — Twitter, TikTok, «ВКонтакте» ва WeChat.

Қонунга кўра, хорижий компаниялар Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларини қайта ишлайдиган серверларни мамлакат ҳудудида жойлаштириши керак. Ўтган йилнинг январь ойида президент томонидан ушбу масала юзасидан қонунга киритилган қўшимчалар имзоланган. Киритилган қўшимчалар 2021 йил апрель ойининг ўрталарида кучга кирди.

2021 йилнинг май ойида «Ўзкомназорат» «ВКонтакте», Twitter ва WeChat эгаларидан қонунга риоя қилишни талаб қилди ва июль ойида уларни қоидабузарлар реестрига киритди. Айни вақтда бир неча йил аввал Ўзбекистонда кириш чекланган Skype ҳам реестрда пайдо бўлган эди.

Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонликларнинг маълумотларини қайта ишловчи кўплаб бошқа ресурсларга чекловлар қўлланилмаган. Ноябрь ойида реестрда мамлакатда жуда машҳур бўлган Telegram, Facebook, Одноклассники, YouTube ва бошқа сайтлар пайдо бўлди. Бу жамоатчилик норозилигига сабаб бўлгач, бир неча соат ичида тақиқ олиб ташланди. Воқеалар ортидан Ўзкомназорат бошлиғи, АКТ вазири ва IT бўйича бош вазир маслаҳатчисининг истеъфолари кузатилди.

Twitter`га кириш расмий равишда чекланганига қарамай, президент, ҳукумат, Сенат раиси ва бошқа кўплаб давлат идораларининг матбуот хизмати хабарлари ушбу ижтимоий тармоқда эълон қилинишда давом этмоқда. Журналистлар ҳаттоки парламентнинг юқори палатасида қандай VPN ишлатилиши билан қизиқишган эди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида президент Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиришлар киритиш, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ушбу қонун 2022 йилнинг январ ойида кучга кирди.