15 март куни президент томонидан имзоланган [ПҚ-167-сон] қарорга асосан Ўзбекистонда кекса авлодни қўллаб-қувватлаш бўйича янги ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар амалга оширилади. Ҳужжатда пенсия ёшига етганлиги муносабати билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тақиқлангани билан бир қаторда маҳаллаларда кексаларнинг ижтимоий фаоллигини рағбатлантирувчи нормалар мавжуд.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан «ишсиз, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларни жамият учун фойдали фуқароларга айлантириш» бўйича дастурлар ишлаб чиқилади.

Бунинг учун ёшлар «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойили асосида маҳаллалардаги ҳурматга сазовор бўлган кекса авлод вакиллари ва зиёлиларга бириктирилади.

Ёшларнинг тарбияси ва ахлоқида бўлган ижобий ўзгаришлардан келиб чиқиб нуроний ва зиёлилар «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади.

Маҳалла вазирлиги вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлардаги «Фахрийлар кенгашлари», фуқаролар йиғинларидаги «Кексалар маслаҳати» гуруҳларининг фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради.

Шунингдек, фуқаролар йиғинларида кекса авлод вакиллари маҳаллаларда тиббий хизматлар, мактабларда ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, давомати, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш даражаси ва бошқа давлат хизматларининг кўрсатилиши бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатади.

Таъкидлаш жоиз, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, назоратчилар фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашишнинг олдини олишлари, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари ва олинган маълумотларни махфий сақлашлари шарт.

Қарорда Миллий телерадиокомпания ва Маданият вазирлигига «Нуронийлар маслаҳати», «Маҳаллада гурунг», «Маҳалладаги суҳбатлар», «Ёшлар нуронийлар нигоҳида» каби кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибасига бағишланган кундалик кўрсатувларни ташкил этиш вазифаси юклатилган.