25 март куни «Navruz Cup-2022» халқаро ўртоқлик турнирининг 2-ярим финал баҳсларида Ўзбекистон жамоаси Қирғизистон жамоасини Наманган марказий стадионида қабул қилди. Учрашув Sport телеканалида жонли эфирда намойиш этилди.
Ўйиннинг дастабки вақтларидаёқ Қирғизистон терма жамоаси ҳисобни очди. 5-дақиқада жарима майдончасига кириб борган Мирлан Мурзаев ўзбекистонликлар дарвозасига гол киритди.
Ундан сўнг, мезбонларда ҳам бир нечта қулай вазиятлар пайдо бўлди. Хусусан, 7-дақиқада Достонбек Ҳамдамовнинг тепган тўпи дарвоза устунига тегиб қайтди. Қолаверса, Элдор Шомуродовнинг ҳам ҳаракатлари бесамар кетди ва шу тарзда биринчи бўлим якунланди.
Иккинчи бўлимда ўзбекистонликлар ҳисобда олдинга чиқиб олди. 63-дақиқада ўзбекистонлик легионер Элдор Шомуродов гол киритди. Бу унинг Ўзбекистон МТЖ сафидаги 25-голи, жами 52 та ўйин ўтказган.
Ундан кейин эса захирадан ўйинга тушган Игорь Сергеев 85-дақиқада голь киритишга муваффақ бўлди. Орадан 5 дақиқа ўтиб Сергеев яна бир гол киритиб, дублни қайд этди.
Ўйиннинг асосий вақти 3:1 ҳисоби билан якунланди, иккинчи бўлимга қўшиб берилган 4 дақиқа ичида бошқа ўзгариш кузатилмади. Шу тарзда Ўзбекистон «Navruz Cup-2022» халқаро ўртоқлик турнирининг финал йўлланмасини қўлга киритди.
Бунга қадар Уганда Тожикистон жамоасини пенальтилар сериясидаги устунлик ҳисобига мағлуб этиб, финал йўлланмасини қўлга киритганди.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Ўзбекистон терма жамоаси 29-март куни финалда Угандага қарши ўйнайди.