Наманган шаҳрида 1 дона АКС-74 жанговор ўқотар қуроли (автомат), 3 дона ўқдон ва 43 дона ўқ-дорини сотмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшовчи, муқаддам Жиноят Кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш) ва 182- (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) моддалари билан судланган А.О. (1983 й. т.) Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-буқа туманига бориб, жиноий алоқасидан автомат ва ўқ-дориларини олади ҳамда контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига ўтказган.

ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда А.О. ушбу қурол ва ўқ-дориларни Наманган шаҳрида сотмоқчи бўлганида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 246 (Контрабанда) ва 248-моддалари (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.