Келгуси йилда Ўзбекистондаги иккинчи Hyatt меҳмонхонаси очилади. Бу ҳақда тармоқнинг минтақавий вице-президенти Пунит Тандон 24 март куни Тошкент инвестиция форуми майдонларида туризм соҳасига инвестициялар тўғрисидаги панел муҳокамаларида маълум қилди, дея хабар бермоқда Spot.

«2023 йил бошида биз Ўзбекистондаги мавжудлигимизни кенгайтирамиз. Бухорода янги меҳмонхона очилмоқда», — дея маълум қилди Пунит Тандон.

У тафсилотларни очиқламади, бироқ келгусида Ўзбекистон шаҳарларида Hyatt меҳмонхоналари сони ортишидан «ажабланмаслигини» қўшимча қилди.

Тармоқнинг мамлакатдаги биринчи меҳмонхонаси — беш юлдузли Hyatt Regency Tashkent 2016 йилда очилган эди. Объектни қуриш тахминан уч йил давом этди.

2020 йилгача меҳмонхона даромад келтирарди. 2018 йилда — 11,9 млрд сўм, 2019 йилда эса 53,5 млрд сўм фойда олинган. Бироқ пандемия пайтида ҳаммаси ўзгарди — 2020 йилда фойда бўлмади.

2020 йил январь ойида Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасини хусусийлаштириш режаси эълон қилинди.

Март ойи бошида Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасини хусусийлаштириш бошланганини маълум қилган эди. Меҳмонхонани хусусийлаштириш бугунги кунда «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУКни (меҳмонхонанинг ҳозирги эгаси) қайта ташкил этиш ҳисобига амалга оширилади.