Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришда ҳоким қарори талаб қилинмайди

Президент қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришда ҳоким қарори талаб қилинмаслигини кўзда тутган фармонни имзолади. Шунингдек, 1 мартдан кейин хориждан қайтиб келган мигрантларга очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда алоҳида устуворлик берилади.

Шерзод Шерматов — Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар учун яратилаётган шароитлар ҳақида

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT-компаниялар учун яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, IT-парк резидентлари 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган, қолаверса, бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилади. Ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби эса бекор қилинган ҳамда 3 кун ичида «IT-visa» тақдим этилади. Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар эса зарур инфратузилма билан таъминланади.

MOBIUZ ва Tashkent City боғи сотилади

MOBIUZ, Tashkent City, «Ўздонмаҳсулот» корхоналари ва қатор тижорат банкларининг давлат улушлари сотилади. Шунингдек, вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг 3 ойдан кўп фойдаланилмасдан бўш турган объектлари уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилади.

2030 йилгача вазирлик ва идоралар хизмат машиналарини электромобилга алмаштириш таклиф этилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига кўра, вазирлик, идора ва барча бюджет ташкилотлари хизмат машиналарининг 2025 йилгача камида 10 фоизи, 2030 йилгача 100 фоизи электромобилларга алмаштирилади. Қолаверса, «тез ёрдам» машиналари ҳам 2023−2026 йилларда электрда ҳаракатланувчи транспортга ўзгартирилади.

2023 йилдан янги қурилган биноларда электромобилни қувватлаш мосламаларини ўрнатиш мажбурий бўлиши мумкин

Президент қарори лойиҳасига кўра, 2023 йилдан янги барпо этиладиган турар ва нотурар тижорат кўчмас мулкларида электромобиль қувватлаш станцияларини ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Қолаверса, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги барча АГТКШ ва АЁҚШлари электромобилни қувватлаш станциялари билан таъминланади.

Электромобилда таксичилик қилувчилар 2040 йилгача лицензия тўловларидан озод қилиниши мумкин

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига кўра, электромобилда таксичилик фаолияти билан шуғулланганларни 2040 йилгача лицензия тўловлари ва йиғимларидан озод қилиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, электромобиль ҳайдовчилари муниципал автотураргоҳлардан бепул фойдаланиши мумкин. Автотураргоҳларга электомобилларни тезкор қувватлантирувчи станциялар ўрнатиш таклифи ҳам билдирилмоқда.

Самарқанднинг янги аэропорти 1 апрелдан халқаро рейсларга хизмат кўрсата бошлайди

Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраеванинг хабар беришича, Самарқанднинг янги аэропорти 1 апрелдан тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатади. Ҳозирда аэропорт мажмуасини фойдаланишга топшириш ишлари якунланмоқда.

Бухорода Hyatt меҳмонхонаси очилади

2023 йилда Бухорода Ўзбекистондаги иккинчи Hyatt меҳмонхонаси иш бошлайди. Ушбу тармоқнинг биринчи меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкентда очилган эди, жорий йилнинг март ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги уни сотиш жараёни бошланганини хабар қилди.

Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» ташкил этилади

Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонаси ташкил этилади. Марказга ягона электр энергетика тизимини бошқариш, ушбу тизимнинг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель ишлашини таъминлаш, авария ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш каби вазифалар топширилади.

Ўзбекистонда Skype бўйича чекловлар олиб ташланди

Ўзбекистонда Skype шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузувчилар реестридан чиқарилди. АКТ вазирлиги ушбу реестрга киритилган бошқа хизматларга тақиқни босқичма-босқич олиб ташлаш бўйича ишлар олиб борилаётганини қайд этди.

Фарғона вилоятида атмосферани ифлослантираётган 2 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳудудидаги атмосфера ҳавосида аммиак моддаси 4 та нуқтада — 1,5 дан 23,6 мартагача, водород сулфиди моддаси 2 та нуқтада — 3,2 дан 4,6 мартагача белгиланган меъёрлардан ортиқлиги аниқланди. Ўрганиш якунида цемент ва гипс ишлаб чиқарувчи 2 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Давлат органлари 2021 йилда кўпинча давлат харидлари бўйича маълумотларни очиқламаган

Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов давлат органлари очиқлигининг мониторинги юзасидан маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, 135 та давлат органидан 80 таси (60 фоизи) 2021 йилнинг IV чорагидаги давлат харидларига оид маълумотларни эълон қилмаган. 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 43 тасида эса веб-сайтнинг ўзи умуман ишламайди.

Шанба куни яна ёмғир ёғиши кутилмоқда, якшанбада эса ёғингарчилик тўхтайди

Ўзгидромет шанба куни Ўзбекистонга яна нам ва салқин ҳавонинг бир қисми кириб келишини маълум қилди. Шу куни республиканинг шимолидан бошқа барча ҳудудларда ёмғир ёғади. Якшанба куни ёмғир тўхтайди. Дам олиш кунларидаги ҳарорат +15 даражагача исиши кутилмоқда.

Тошкент ва Олмаота ўртасида йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилади

2 майдан бошлаб Тошкент ва Олмаота ўртасида йўловчи поезд ҳаракати йўлга қўйилади. Рейслар ҳафтасига уч мартадан амалга оширилади.

Банкларнинг Uzcard ва РФБдаги улушлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади

Президент қарори билан банкларнинг Uzcard ва Тошкент фонд биржасидаги улушлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилмоқда.

Маҳаллалар ва жамоалардаги кексалар фаоллиги янада оширилади

Президент қарорига мувофиқ, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги кексалар билан янада фаол ҳамкорлик қилади. Бунда «тарбияси оғир» ёшлар билан мулоқотда бўлганларга «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилига мувофиқ моддий ёрдам кўрсатилади.

Сенат органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенаторлар органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунни маъқуллади, ҳужжат билан ишлаб чиқариш жараёнига маълум бир талаблар, хусусан қайта тикланадиган табиий ресурслар ва ичимлик сувидан фойдаланиш бўйича вазифалар қўйилмоқда. Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда пестицид, гормон, антибиотик ва кимёвий қўшимчаларни қўллаш тақиқланмоқда.

Наманганда «Калашников» автоматини сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Наманганда муқаддам судланган шахс Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келган АКС-74 жанговор ўқотар қуролини сотмоқчи бўлганида ушланди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Тест: Вокзалга қараб шаҳарни топинг!

Вокзал — сайёҳлар шаҳарга келиши билан кўрадиган ва уларда таассурот уйғотадиган биринчи бино. 2000-йиллар ўртасида Тошкент Шимолий вокзали реконструкция қилинди, натижада вокзал архитектураси оқ алюкобонд ва кўк ойналар билан «безатилди» ва бино тўсиқлар билан ўраб олинди. Пойтахт вокзалининг янги кўриниши мамлакатдаги бошқа бекатларга ҳам ўрнак бўлди. Бугунги кунда бизнинг вокзалларимиз бир-бирига жуда ҳам ўхшаш. Сиз уларни ажрата оласизми?