Республикада янгидан барпо этиладиган турар ва нотурар тижорат кўчмас мулклар ҳамда умумий фойдаланиш объектлари лойиҳаларида электромобиль қувватлаш станциялари ёки мосламалари ўрнатилиши мажбурий этиб белгиланиши мумкин.

Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасида қайд этилган.

2023 йил 1 январдан бошлаб ушбу талабга жавоб бермайдиган объектлар Давлат комиссиялари томонидан эксплуатацияга қабул қилиниши таъқиқланиши кутилмоқда. Қурилиш вазирлигига бу борада шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига тегишли ўзгартиришлар киритишни таъминлаш вазифаси юклатилади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритаётган АГТКШ ва АЁҚШларда электр қувватлантириш, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбалари ёрдамида қувватлантириш станцияларини ўрнатиш, уларнинг ҳар бирида камида 2 дона (2 та каналли) тезкор усулда қувватлантириш станцияси инфратузилмасини ташкил этиш кутилмоқда.

Энергетика вазирлиги Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари билан биргаликда 3 ой муддатда техник имкониятларни ўрганган ҳолда тегишли чораларни кўриши лозим.

Президент қарори лойиҳаси муҳокамаси 9 апрелга қадар давом этади.

Аввалроқ, мазкур лойиҳа билан вазирлик, идора ва барча бюджет ташкилотлари хизмат машиналарининг 2025 йилгача камида 10 фоизи, 2030 йилгача 100 фоизи электромобилларга алмаштирилиш таклиф этилгани ҳақида ёзгандик. Қолаверса, «тез ёрдам» машиналари ҳам 2023−2026 йилларда электрда ҳаракатланувчи транспортга ўзгартирилади.