Давлат хизматлари агентлигининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлими катта мутахассиси катта миқдорда пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди. Тезкор тадбир Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилди.

Аниқланишича, Б.Р. 12 минг АҚШ доллари эвазига «Б.С.» МЧЖга иссиқхона учун ажратилган ер майдонини танишлари ёрдамида тикувчилик ва пишириқ ишлаб чиқариш цехи қуришга ҳужжатларни тайёрлаб беришни ваъда қилган. У сўраган 6 минг долларини таниши Ш. Р. орқали олган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Иштихон ва Пахтачи туманларида ҳам ноқонуний ер савдосида гумонланиб бир қатор шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.