Ички ишлар вазирлиги ЙПХ ходими суратини унинг рухсатисиз тарқатишни тақиқлаш бўйича таклифни билдирмоқда. Тегишли Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 14 мартдан 29 мартга қадар жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги [975-сон] қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомнинг 19-банди қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдириш назарда тутилмоқда:

«ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик».

Мазкур ўзгартишларга президентининг «Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 8 февралдаги [ПҚ-118-сон] қарори асос қилиб олинган.

Бироқ, президентнинг мазкур қарори ҳозиргача қонунчилик маълумотлари миллий базаси — Lex.uz сайти, Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот Telegram-канали ёки Ўзбекистон ахборот агентлигида ҳам эълон қилинмаган.

Жамоатчилик муносабати

Мазкур хабар тарқалгач, Ўзбекистонда жамоатчилик вакиллари ўзининг муносабатини билдира бошлади.

Жумладан, Davletovuz`нинг ёзишича, «бу ёпиқликка, орқага ташланган қадам».

«ЙПХ ходими бюджетдан маош олиб, халққа хизмат кўрсатади. Уни уйида, ишдан бўш вақтида кимдир расмга олса ноқонуний, лекин хизмат вақтида, айниқса, қонунни бузаётган пайти тасвирга олиш ва уни тарқатишни тақиқлаш жамоатчилик назоратига, шаффофликка қарши қадам. Ундан кўра ЙПХ ўз сафини профессионал, ҳалол кадрлар билан тўлдирсин, токи уларга ҳеч қанақа камера хавф бўлмайди, очиқликдан қўрқмайди. Бу ҳолат эса жамоатчилик кўзидан қочишга уринишдан бошқа нарса эмас», — деган фикрда блогер.

Блогер Нурбек Алимов эса «бу ҳужжат қабул қилинадиган бўлса, жамоатчилик назорати йўқолади» деган фикрда.

Ҳеч ким ҳеч нарсани исботлай олмай қолади. Ходимни қонун бузганини кимдир видеога олиб тарқатса, ўша видеони тарқатган одамни ўзи жавобгарликка тортилиб кетиши абсурд. Кейин ҳа, йўлда ходимни шантаж қилиш, устидан кулиш каби ишлар ҳам бўлади, аммо ўшаларни ҳам жамоатчиликни ўзи бир неча мартта «савалади». Войдод мусулмонлар ёрдам беринглар деб бақириб чиққан братни ёки «замминистрни иккинчи хотини» бўлган опаларни бирорта одам интернетда ёнини олганини кўрмадим. Халқ яхши ва ёмонни ажрата олади", — деди у.

Блогернинг қўшимча қилишича, «бу асос бўла олмайди». «Агар шу асос бўладиган бўлса яна ўша бировга яхшилик қилмаслик кейсига ва аҳоли ошхоналаридан пичоқларни йўқотишга қайтишимиз керак. Билиб бўлмайди пичоқ билан одам ўлдириш мумкин, ош қилиш мумкинлиги эса қизиқмас. Гугуртни ҳам тортиб олишни унутманглар. Олов ёмон», — дея киноя қилди у.

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса мазкур ҳолатга ҳуқуқий нуқтаи назардан эътибор қаратди.

«Бу ерда чеклов фақат қонун билан бўлиши керак, Вазирлар Маҳкамасининг бунга ваколати ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ. Наҳотки лойиҳа муаллифларининг шунга ақли етмаган?», — дейди у.

«ЙПХ инспекторининг ва ўзи умуман бошқа исталган давлат хизматчисининг ишдан ташқаридаги шахсий ҳаёти қонун билан ҳимоя қилинади, бунда албатта розилик шарт. Аммо ўз вазифасини бажараётганда чеклашга уриниш — бу орқага қайтиш дегани», — деди блогер.

«Бу худди болалигимиздаги бир воқеани эслатади. Мабодо коптокнинг эгаси футболда ютқазиб қўяверса, алами келганидан коптогини уйга олиб кетиб қоларди. Ундан кўра, яхшироқ ўйнашни ўрган, шунда ютқазмайсан, дейиш бефойда эди. Ички ишлар вазирлиги ҳам ўзича видеолардан аразлаб, қарор йўли билан буни тақиқлашга уринмоқда», — деган фикрда ҳуқуқшунос.

Унинг қўшимча қилишича, бунақаси илгари ҳам бўлган. «Ҳайдовчиларга орқа ён ойнага парда тақишни ноқонуний тақиқлаган вазирлик ҳамда ўша пайтдаги ЙҲХББ судларда кетма-кет ютқазгандан сўнг, ноҳақлигини тан олиш ўрнига, секингина ими-жимида ўзларининг фойдаси учун қонунга ўзгартириш киритиб олмоқчи бўлишганди. Бу ҳақда мана бу ерда ёзганман. Лекин хайрият ўшанда уларнинг бу номардларча „юриши“ ўхшамай қолганди», — деди у.

«Етар энди. Қачондир тугаши керакку бунақа ишлар. Ҳадеб орқага қайтаверамизми? Наҳотки ички ишлар тизимини халқнинг ҳақиқий мададкори ва дўстига айлантиришнинг бошқа бирорта йўли йўқ бўлса?», — дея савол билан юзланди Хушнудбек.

Аввалроқ, мазкур ҳолатга Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам «халқдан нимадир талаб қилишдан аввал инсон ўзи халққа намуна бўлиши керак» дея муносабат билдирганди. «Буни президент топшириғи, дея талқин қилмоқда. Лекин бизнингча бу кўпроқ вазирликнинг хоҳиши, балки Бекмурод Абдуллаев жанобларининг ўзи истаяпти… Албатта биз бу каби демократияга зид, жамоатчилик назоратини чеклайдиган қонунлар қабул қилинишига қаршимиз», — деганди у.

Эслатиб ўтамиз, ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов мазкур таклиф ишлаб чиқилишидан олдинроқ, тақиқ бўлмаслигини айтганди. «Ушбу таклиф ишлаб чиқилгач, лойиҳа шаклида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, ҳамма бу борада ўзининг фикрини билдириши мумкин бўлади. Шунда ҳам тўлиқ тақиқ бўлмайди, лекин қандайдир чегаралар қўйилади», — деганди у.