Англиянинг Уэмбли стадиони 1 июнь куни Европа ва Жанубий Америка чемпионлари ўртасидаги финалга мезбонлик қилади. Бу ҳақда УЕФА ўз расмий сайтида маълум қилди. Унда Евро-2020 ғолиби Италия терма жамоаси Америка кубоги совриндори Аргентинага қарши баҳс олиб боради.

Жанубий Америка Футбол Конфедерацияси (CONMEBOL) Аргентина ўтган йили қитъа чемпионатида ғалаба қозонганидан икки кун ўтиб УЕФАга ўйин таклиф қилди. 2021 йил 15 декабрда УЕФА ва CONMEBOL янгиланган ва кенгайтирилган ўзаро англашув меморандумини имзолади. Шундан сўнг, улар Евро ва Америка кубоги ғолиблари ўртасидаги ўйинни ўтказишга қарор қилди.

Мазкур ўйин Finalissima (итальянча «грант-финал») деб номланди. У 90 дақиқа давом этадиган бир марталик ўйин бўлади. Қўшимча вақт йўқлиги ҳисобига асосий вақт охирида натижа дуранг бўлса, тўғридан-тўғри пенальтилар сериясига ўтилади. Ўйинга икки конфедерация биргаликда ҳакамлар тайинлайди.

Ўйин 2022 йил 1 июнь, чоршанба куни Англиянинг Лондон шаҳридаги Уэмли стадионида бўлиб ўтади. Чипталар 24 март куни сотувга чиқарилади.

Маълум бўлишича, бу УЕФА ва CONMEBOL томонидан уюштирилган қитъалараро 3-учрашув бўлади. 1985 йилда Франция Парижда Уругвайни 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, саккиз йил ўтиб Аргентина ўз майдонида пенальтилар сериясида Дания устидан ғалаба қозонган эди.

Франция ва Уругвай жамоалари.1985 йил. Фото: УЕФА.

Аргентина ва Дания жамоалари.1993 йил. Фото: Soccer Nostalgia.