Шавкат Мирзиёев — инвесторларга: «Президент ва ҳукумат муваффақиятингизни кафолатлайди»

Президент Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлаб, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмайдиган реал ҳақиқат эканлигини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторларга юзланиб, «2026 йилга қадар иқтисодиётдаги эксклюзив ҳуқуқлар ва 25 дан ортиқ фаолият бўйича монополиялар тугатилишини» маълум қилди. У шунингдек, келгусида 7 та йўналиш доирасида ишбилармон учун яратиладиган имкониятларга тўхталиб ўтди.

ЙПХ ходими суратини унинг рухсатисиз тарқатишни тақиқлаш таклиф этилмоқда

ИИВ ЙПХ ходимининг фото ва видеосини унинг рухсатисиз тарқатишни тақиқлашга оид таклиф назарда тутилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини эълон қилди. Жамоатчилик вакиллари эса бунга қарши муносабат билдирди, жумладан, Davletovuz ёзишича, «бу ёпиқликка, орқага ташланган қадам». Нурбек Алимов эса бу билан жамоатчилик назорати йўқолишини таъкидлади. Хушнудбек эса ВМнинг бундай чеклов ўрнатишга ваколати йўқлигини эслатиб ўтди.

Шакарнинг биржа нархлари тушди. Нархлар ошишига «ваҳимачи тадбиркорлар» сабабчи қилиб кўрсатилди

Охирги икки савдо кунида шакарнинг биржа нархи қарийб 30 фоизга — 8735 сўмгача арзонлашди. Хоразм шакар заводи вакили нархларнинг ошишида «ваҳима ичида катта ҳажмдаги маҳсулотларни сотиб олиб, нархларнинг сунъий равишда ошишига сабаб бўлган» тадбиркорларни айблади.

Президент инвесторлар билан Сурхондарёдаги 1,56 ГВт қувватга эга ИЭС қурилишини бошлаб берди

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди. Қуввати 1,56 ГВт ва умумий қиймати 1,2 млрд доллар бўлган ИЭС охирги йилларда мамлакатда қуриладиган энг йирик иссиқлик электр станцияси бўлади. Лойиҳа Германиянинг Siemens Energy, Франциянинг ЕDF ва Нидерландиянинг Stone City Energy компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.

Ипотека ва таълим кредитларининг фоиз ставкалари йил охиригача ўзгармайди

арказий банкнинг асосий ставкаси 17 фоизга оширилганидан сўнг, янги кредитлар фоизи ва кредит ресурсларининг қиймати ҳам ўсиши керак эди. Бироқ, президент йил охиригача ипотека ва таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаларини ўзгартирмаслик тўғрисида топшириқ берди, деб хабар қилди молия вазири Тимур Ишметов.

Жамшид Қўчқоров — валюта кредитлари ва озиқ-овқат нархлари бўйича чоралар ҳақида

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров банклар ва Марказий банк Ўзбекистон аҳолисига рублда пул ўтказмаларини узлуксиз таъминлаш чораларини кўраётганини маълум қилди. Бундан ташқари, давлат тадбиркорларга валюта кредитларини сўмлик қарзга айлантириш имкониятини беради, шунингдек, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун божхона тўловларини нолга тенглаштиради.

«Солиқ маъмурчилигидаги барча ўзгаришлар кейинги йилга қолдирилиши мумкин» — Тимур Ишметов

Ўзбекистонда солиқ маъмурчилигидаги барча ўзгаришлар бир неча ойга ёки кейинги йилга қолдирилиши мумкин, деб хабар берди молия вазири Тимур Ишметов. Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказади. Унинг сўзларига кўра, президент 2022 йилда аввал тасдиқланган бюджет тақчиллигини сақлаб қолиш ва ортиқча харажатларга йўл қўймаслик бўйича топшириқ берди.

Ўзбекистон қандай қилиб экспортчиларни қўллаб-қувватлайди ва юк ташиш харажатларини камайтиради?

Жаҳонда содир бўлаётган воқеалар фонида баъзи экспортчилар бошқа логистика коридорларидан фойдаланишга мажбур бўлганлиги сабабли уларнинг транспорт-логистика харажатлари ошди, деди ИТСВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов. Шундан келиб чиқиб, Экспортни рағбатлантириш агентлиги транспорт харажатлари учун компенсация миқдорини оширади, қолаверса, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳам юк ташиш харажатларини камайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Қозоғистон билан шакар ва буғдойни темир йўл орқали ташишни 30 фоизгача арзонлаштириш бўйича келишувга эришилди.

Қарор талабларини бузиш ва нархларни ошириш айблови: Autodriver Study атрофида нималар бўлмоқда?

Депутат Расул Кушербаев Тошкентдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини берувчи Ягона имтиҳон маркази очилишида президент қарори талаблари бузилганини маълум қилди. Компания асосчиси Комил Алламжонов эса айбловларни рад этиб, депутатга «эски коррупциялашган тизим кўпроқ ёқиши мумкин"лигини тахмин қилди. Яқинда марказ валюта курси ва бошқа мамлакатлардаги вазият билан изоҳлаган ҳолда нархларни оширди. Ижтимоий тармоқларда, муқобиллар йўқлигига қарамай, марказ устун мавқега эга бўлган компаниялар реестрига киритилмаганига эътибор қаратилди.

Тўққизта ҳудудда сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин

26−27 март кунлари тўққизта вилоятнинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин хавфи эълон қилинди.

23 март куни фақат Тошкентда коронавирус беморлари аниқланди

Ўзбекистонда янги коронавирус ҳолатлари сони кескин камайиб бормоқда. Чоршанба куни фақат пойтахтда 6 кишида коронавирус аниқланди. Охирги бор бундай паст кўрсаткич пандемия бошида — 2020 йил мартда қайд этилган эди.

USAID ССВга туберкулёзни бир кунда аниқлайдиган 16 та экспресс-диагностика тизимини совға қилди

24 март — Бутунжаҳон силга қарши кураш кунида USAID Соғлиқни сақлаш вазирлигига 16 та GeneXpert диагностика ускунасини совға қилди. Ушбу тизимлар бир кун ичида сил касаллигини диагностика қилиш имконини беради, бошқа муқобиллари эса натижаларни 80 кунда чиқариб беради.

Кармана, Китоб ва Шаҳрисабзда олти йил давомида канализация қурилади

Жорий йилда Навоий вилоятининг Кармана, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб туманида марказий оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича олти йиллик лойиҳалар бошланади. Уларнинг умумий қиймати 119 млн еврони ташкил этади, шундан 105 млн евроси Франция тараққиёт агентлиги томонидан кредит шаклида тақдим этилган.

Тошкентдаги айрим кўчалар халқаро марофон ўтказилиши муносабати билан вақтинча ёпилади

«Тошкент халқаро марафони» ўтказилиши муносабати билан пойтахтнинг айрим кўчалари 25 ва 27 март кунлари транспорт воситалари ҳаракати учун вақтинча ёпилади.

Иштихон туман ДХМ катта мутахассиси пора олаётганда ушланди

Иштихон туман Давлат хизматлари маркази катта мутахассиси тадбиркорга ажратилган ер ҳужжатларини қайта расмийлаштириб бериш учун 12 минг доллар сўрагани маълум қилинди. Гумонланувчи шундан 6 минг долларини таниши орқали олган вақтида ушланган.

Украинадан яна 146 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди

Чоршанба куни Украинадан яна 146 нафар ўзбекистонлик, шу жумладан, 42 нафар аёл, 12 нафар вояга етгаман бола ва 2 нафар чақалоқ Польша орқали олиб келинди. Эвакуация бошланган кундан то ҳозирга қадар 27 та авиарейс ёрдамида жами 6030 нафар фуқаро ватанга қайтарилди.

Президент ЕТТБ ва ОТБ раҳбарларини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо хоним ҳамда Осиё тараққиёт банки президенти Масацуга Асакавани қабул қилди. Учрашувларда шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича «йўл хариталари»ни тайёрлашга келишиб олинди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Ер юзида ҳаммамиз бир-биримизга сабабчимиз». Хонанда Севара Назархон билан интервью

Таниқли хонанда Севара Назархон 25−28 март кунлари Халқаро форумлар саройида концерт беради. «Газета.uz» билан интервьюда у янги дастури ҳақида сўзлаб, ота-онаси, телевизион танловлар, ўзига бўлган мустаҳкам ишончнинг аҳамияти ҳақидаги саволларга жавоб берди.