БМТ бош секретари Антониу Гутерриш 22 март куни бўлиб ўтган брифингда Россия Украинада олиб бораётган «бемаъни урушни» тўхтатишга чақирди.

«Бир ой олдин Россия Федерацияси Украинанинг суверен ҳудудига бостириб кирди, шу билан БМТ уставини бузди. Бунга қадар Россия бир неча ойлар давомида Украина чегаралари бўйлаб ҳарбий кучларини ошириб борди», — дея таъкидлади халқаро ташкилот раҳбари.

«Бир ойдан бери биз одамларнинг даҳшатга соладиган азобланишларини ҳамда шаҳарлар ва қишлоқлардаги бузилишлар гувоҳи бўляпмиз: аҳолини террор остида ушловчи тизимли бомбардимонлар, шифохоналар, мактаблар, турар жойлар ва паноҳ жойларининг ўққа тутилиши. Ва вазият фақат кескинлашиб бормоқда: ҳар бир соат билан оқибатлар янада талофотли ва ноаниқ бўлиб бормоқда», — деди БМТ бош котиби.

«Бу уруш шиддат билан ноаниқлик томон кетяпти. Икки ҳафтадан ортиқ Мариуполь бомбардимон, ўққа тутиш ва ҳужум қилишни давом эттираётган Россия армияси томонидан қуршаб олинган. Қандай мақсадда? Мариуполь қуласа ҳам, Украинани шаҳар орқасдиан шаҳар, кўча орқасидан кўча, уй ортидан уй шаклида босиб олиб бўлмайди», — деди Антониу Гутерриш.

«Украин халқи ҳозир ҳақиқий дўзахни бошидан кечиряпти, уруш оқибатлари эса бутун дунё бўйлаб сезилмоқда: озиқ-овқат маҳсулотлари, энерготашувчилар ва ўғитларга нархларнинг ошиб бориши кенг кўламли озиқ-овқат дефицити ва очликка олиб келиши мумкин», — дея огоҳлантирди у.

Фото: БМТ.

Ривожланаётган давлатлар шундоқ ҳам COVID-19 ва адекват молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятининг йўқлиги сабабли катта босим остида эдилар, энди улар бу уруш учун ҳам катта ҳақ тўлашларига тўғри келади, дея таъкидлади БМТ бош котиби.

«Турли томонлар билан суҳбатларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бир нечта муҳим масалалар бўйича дипломатик прогресс аломатлари кўриниб қолди. Ҳозирнинг ўзида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва жиддий диалогни бошлаш учун музокаралар столида барча керакли нарсалар мавжуд. Эртами-кечми томонлар уруш майдонидан музокаралар столига ўтишлари керак бўлади, бундан қочиб бўлмайди».

«Масала шундаки, яна қанча бомба тушиши керак? Яна нечта „мариуполлар“ бузилиш керак? Бу тўхтатиш учун Украинада яна қанча одамлар ҳалок бўлиши ва дунё бўйлаб қанча одамлар очликка дучор бўлиши керак? Бу урушда ғолиблар йўқлиги, фақат мағлублар бўлиши англаниши учун қанча украинлар ва руслар ўлдирилиши керак?», — дея савол билан юзланди БМТ раҳбари.

«Украинадаги урушнинг давом этиши ахлоқий жиҳатдан нотўғри, сиёсий жиҳатдан асоссиз ва ҳарбий нуқтаъи назардан маъносиз… Ҳар қандай вазиятда ҳам, ҳар қандай ҳисоб-китоблар билан ҳам жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва тинчлик ўрнатилишига имконият берилиши керак. Бу беъмани урушни тўхтатиш вақти келди», — деди Антониу Гутерриш.