19 март куни «Б. Конисбаев» (Туркистон вилояти) ўтказиш пунктида Ўзбекистондан Қозоғистонга 70 миллион тенгелик (тахминан 1 млрд 600 млн сўм) автомобилларни ноқонуний олиб киришга уринганлар аниқланди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Аниқланишича, Ўзбекистондан кириб келаётган автомашиналарни кўздан кечириш вақтида чегара хизмати ходимлари томонидан 3 та юк машинаси тўхтатилган. Машина юкхоналарида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 6 та енгил автомобиль топилган.


Фото: Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси

Қонунбузарлик содир этган Қозоғистон фуқаролари контрабандага уринишда айбланиб, қўлга олинган. Ушлаб қолинган юк Туркистон вилоятидаги Иқтисодий тергов департаментига ўтказилиши маълум қилинган.


Фото: Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчиси Ҳусан Тангриевнинг «Газета.uz»га маълум қилишча, бу юклар Ўзбекистондан транзит тарзида ўтаётганда барча тегишли ҳужжатларга эга бўлган.

«Хорижий енгил автомашиналар ортилган 3 та юк автотранспорт воситаси 17−18 март кунлари транзит тарзида ҳаракатланиш учун Ўзбекистон ҳудудига кириб келган. Бунда божхона органларига барча тегишли ҳужжатлар тақдим қилинган ва 19 март куни қўшни давлатга чиқариб юборилган. Яъни ҳақиқатдан ҳам енгил автомашиналарга тегишли барча ҳужжатлар тўғри ва тўлиқ тақдим қилинган, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган. Юк автотранспорт воситалари инспекцион кўрик мажмуаси орқали назорат-ренгендан ўтказилган», — дея таъкидлади у.

Ўзбекистонда назорат-ренгендан ўтказилган юк автомобилининг ички кўриниши. Фото: Ҳусан Тангриев

Унинг маълум қилишича, машиналар ортилган юк машинаси Тожикистондан келиб, Ўзбекистон орқали Қозоғистонга кетаётган бўлган.