Пойтахтда Ногиронлар ва ногиронлиги бўлган шахслар тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда туризм вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Марказ Ижтимоий туризм ассоциацияси ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган. Унинг асосий мақсади ногиронлиги бор фуқаролар ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун хайрия тадбирларини ўтказишдан иборат.

Ногиронлар ва ногиронлиги бўлган шахслар тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш марказининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

  • инклюзив туризмни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
  • ногиронларнинг ҳаракатланиши учун шароит яратишга кўмаклашиш;
  • ижтимоий туризм соҳасида давлат дастурлари, ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
  • туристик обектларда имконияти чекланган шахслар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш;
  • Самарқанд, Бухоро, Хива, Қорақалпоғистонда қулай туристик йўналишларни ривожлантириш;
  • вазирликлар ва бошқа давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда хайрия тадбирларини ташкил этиш.

Ушбу марказ «Тошкент — 24» уйидаги «Наврўз» этнопаркида жойлашган.