Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Дорбозлар шоусига
хуш келибсиз!
Ўзбек миллий цирки – анъанавий халқ овунчоғи бўлиб, ҳалигача ҳудудлар аҳолиси учун телевизор ўрнини эгаллаб келади. Аҳрорбек Ғуломовнинг «Аҳрорбек дорбоз» труппасига мамлакатнинг турли ҳудудларидан артистлар йиғилган бўлиб, мана олти йилдирки акробатлар ва масхарабозларнинг чиқишлари билан Марказий Осиё томошабинларини ҳайратга солиб келмоқда. Дастурнинг мағзи – дорбозлар. Кўчма цирк қандай яшайди, артислар қадимги анъаналарини нима учун сақлаб келмоқдалар ва ушбу анъаналар замирига долзарб муаммолар қандай қилиб сингдирилган – «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам фоторепортажида.
«Эй Аллоҳ, юзимни ёруғ қил. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм», — деганча оппоқ ярқираб турган костюмчадаги, бошига ярқираб турган қийиқча кийган, оқ кроссовкали етти ёшли Шамшодбек оқ «Исузу»автобусидан тушиб, кулранг асфальт ва чанг гиламлар устига ўрнатилган ясама цирк манежига йўл олади.

Ажойиб февраль куни. Мусаффо осмон остида Compas савдо мажмуаси олдидаги майдонга дор устунлари ўрнатилган. Томошабинлар ўриндиқларга ўтиришган, айримлари чўккалаб олишган. Аравачилар эса ўз араваларига. Барча йиғилганлар томошани иштиёқ билан кузатишмоқда. Оломон орасида пахтақандларнинг пуштиранг булути кезиб қолади, қайноққина бодроқлар ҳиди уфуради.
Кичкина Шамшодбекни бошловчи мақтаяпти. «Шамшодбек қарийб 100 ёшда, у труппанинг энг кекса аъзоси», — дея сўз ўйини қилади сухандон.

Оломон орасидан бир нечта маст эркакларни пайқайман. Санъаткорларни исми билан чақиришларига қараганда, ичкилик ишқибозлари бўлган бу одамлар – доимий томошабинлар.

«100 минг бераман, 10 та сальто отиб бер», — қийқиришади эркаклар. Циркчиларнинг бундан жаҳллари чиқса ҳам, ўзларини босишади.

Митти Шамшодбек асфальтли манеж ўртасига чиқади ва айёрлик билан табассум қилганча томошабинларга шарт қўяди:
«Қарсак бўлса сальто отаман»
Шамшодбек тўхтаб турган машина устидан сальто отмоқчи бўлади. Қўрқув унинг бола юзини қамраб олади, қоп-қора кўзларига ёш қуйилади. Труппа раҳбари Аҳрорбек Ғуломов буни пайқаб, болакай сакрамаслигини, чунки олқишлар унга камлик қилганини айтади.

«Нега йиғлайсан, ундай қилиб шарманда қилмагин. Сальто отавермайсанми, ушлаб қоламиз-ку», — дейди отаси бола «Исузу»га қайтганида. Сўнгра боласини бағрига маҳкам босиб, уни тинчлантиради.
«Шамшоднинг устида ҳали ишлашимиз керак. 3 йилдан сўнг профессионал бўлишини хоҳлайман», — дейди унинг устози Аҳрорбек Ғуломов. Ҳозир унинг чиқиши. Майдон мусиқа овозидан ларзага келмоқда. Бугунги диджей – Дилмурод полвон. У автобус салонидаги чанг пульт бошида.

«Ҳаммани қойил қолдирадиган сеҳрли дорбоз соҳиби», — дея ҳайқиради бошловчи микрофондан.

«Қарсак бўлса, дорга чиқаман», — автобусдан Аҳрорбек Ғуломовнинг овози келади.

Дастурнинг энг кутилган қисми бошланмоқда. Томошабинлар иштиёқ билан қарсак чалади, бироқ артист кўринмайди. У автобус эшигини қия очиб луқма ташлайди:
«Бу дейман Қўйлиқ халқининг кучи йўқми, қарсак эшитилмаяпти, йигитлар борми ҳуштак чалиб, бақирадиган?»
«Ажойиб дорбоз!» — такрорлайди бошловчи.

Аҳрорбек Ғуломов майдонга каштали оқ кўйлак, қора шим, миллий дўппи, пахтагул нақшли қора маҳси (чарм этик – таҳр.) ва олти метрли лангар-чўп билан кириб келади. Унинг камарига арқонли карабин уланган. У юзида табассум билан ерга қоқилган арқон устига чиқиб, у бўйлаб моҳирлик билан юқорига одимлайди. Арқон ердан 12 метр баландликда қад ростлаган.
Дорбоз ортида ранг-баранг байроқлар ҳилпирайди. Томошабинлар бошларини осмонга кўтариб, завқ билан томоша қилмоқдалар. Дорбоз бир оёғини арқондан олиб, олдинга эгилади — «қалдирғоч» машқини адо этади. У яна қаддини ростлаб, арқоннинг қарама-қарши томонига, Ўзбекистон давлат байроғи томон илгарилайди.

Ахрорбек Ғуломов илк бор уч ёшида арқон устига чиққан. Отаси ўғлини елкасига миндириб, баландликда қушдек муаллақ турарди. Аҳрорбек – қўқонлик дорбозлар сулоласидан. Болалигиданоқ у отасига хизмат сафарларида ҳамроҳ бўлган. Улар мамлакатнинг турли ҳудудларида, ёзда қишлоқларда, қишда шаҳарларда чиқиш қилишган.
реклама
реклама
«Энди ўзим арқон бўйлаб худди ерда юргандек бемалол юраман, — дейди дорбоз. — Хавотир, ҳаяжон ва қўрқув кичиклигимда бўлган. 16 ёшимда Қорақалпоғистонда сабоқ олганман. Арқон ўрнатиш назоратсиз қолдирилган, у бизники эмас эди. Арқон бўйлаб орқага қараб юраётганимда арқон узилиб етган. 12 метр баландликдан йиқилиб, оёғимдан жароҳат олганман. Икки йил давомида арқонга чиқа олмадим. Ушбу воқеадан кейин доимо унинг қандай тортилишига эътибор бераман».

2016 йилда Аҳрорбек отасининг ва ўзининг шогирдларини «Аҳрорбек дорбоз» труппасига жамлади. Циркчиларнинг илк чиқиши Жиззахда бўлиб ўтди. Бугунги кунда труппада Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд ва Андижондан 10 нафар артист бор. Уларнинг энг кичиги – етти ёшли Шамшодбек Ходжаевдир.
Қишда труппа мамлакатнинг гавжум ҳудудларида чиқиш қилади. Артистлар «Қўйлиқ» бозори яқинида октябрь ойидан чиқишларини бошлаб, март ойининг охиригача шу ерда қоладилар. Ўтган ёзда чиқишлар Чилонзорда, худди дорбозлар сингари осмонни севган инсон ҳайкали олдида чилонзорликларни тўплаган эди. Уни Юрий Гагарин дейишади. Труппанинг навбатдаги мақсади — Magic City боғи.

Аҳрорбек Ғуломовнинг ҳамкасби, полвон Элмурод Эргашевнинг айтишича, янги жойда биринчи уч кунда одатда одам кам бўлади. Томошабинларни жалб қилиш учун труппа машинага ўтириб, теварак-атрофни айланиб, дорбозлар шоуси келганини эълон қилишади. Бироқ, Элмурод Эргашевнинг сўзларига кўра, шаҳарларда одамлар томошаларга боришни унчалик ҳам ёқтиришмайди.

«Шаҳарларда одамлар жуда банд деб ўйлайман», — дейди полвон.
Тошкентнинг туб аҳолисининг баъзилари ҳудудлар аҳолиси учун қанчалар қадрли ва севимли бўлган миллий цирк чиқишларини умрида бирор марта ҳам кўрмаганини эшитиб ҳайратга тушганман. Бизнинг қишлоғимизда (Андижонда) дорбозлар келишини интизорлик билан кутишади. Ёшу-қари. Баҳор-ёзда дорбозлар келганда кечқурун 00:00 гача ҳатто адёлларини олволиб, ёпиниб томоша қилишади. Қишлоқ одамлари телевизор кўргандан дор томоша қилган афзал деб билишади.
Аҳрорбек ерга тушганидан кейин микрофонни олиб, томошабинларни ва ўз труппасини дуо қилади. Анъанага кўра, ҳар бир артист, жумладан кичкина Шамшодбек ҳам ўз чиқишини халқни ва ҳамкасбларининг ҳаққига дуо қилиш билан якунлайди. Бу одат ҳар сафар – циркчи бир кунда неча марта чиқиш қилса, шунча марта такрорланади. Дуолардан кейин улар атрофни айланиб, пул йиғишади. Артислар дуолари қанча қуюқ ва чиройли чиқса, томошабин шунча сахий бўлишига ишонишади.
«Баъзи опалар-акалар, отахон-онахонларнинг бизга атагани бор, аммо ийманиб, эҳтимол бизнинг боришимизни кутиб, даврага қадам босмадилар. Қани, болалар, ўзингиз айланиб чиқинг. Атагани атига 5минг сўмми, 10 мингми, бориб, дуо қилиб, раҳмат айтиб олиб келинг», — дейди бошловчи.
Сўнгра артист атрофни айланиб чиқади ва пул, баъзан эса турли ноз-неъматларни йиғиб чиқади. Пулларни қабул қилиб, у «омин» дейди ва барча яхши тилаклар албатта амалга ошиши учун кафтлари билан юзини силайди.
«Қўйлиқ”дагилар бизни қўллаб-қувватлаб, томошага келганидан жуда хурсандман, – дейди Аҳрорбек Ғуломов. – Бир кунда камида 200 минг, ҳатто 6 миллион ҳам топамиз. Нонимизнинг катта-кичиклиги маҳоратимиз даражасига боғлиқ. Нима бўлганда ҳам халқнинг баракаси тиллага тенг! Мана олти йилдирки, мен ва шогирдларим – масхарабозлар ва полвонлар, гипнозчилар ва ҳайвон ўргатувчилар, акробатлар ва дорбозлар – халқнинг дуосини олмоқдамиз. Труппам ва шогирдларим бўлмаганида эди, актёр ёки қўшиқчи бўлардим, чунки маданият ва санъат коллежини битирганман».
2020 йилда «Аҳрорбек Дорбоз» жамоаси Жиззах вилоятининг Фориш туманида чиқиш қилишди. Ғуломовнинг сўзларига кўра, бу унинг бутун фаолиятидаги энг эсда қоларли шоу бўлган. Чиқишларни 15 минг киши томоша қилган. Санъаткорларни ҳайқириқлар, ҳайрат, олқишлар ва ҳуштаклар билан кутиб олишган.
«Миллий цирк ва дорбозлик – нафақат ноёб санъат, балки спорт ҳамдир, – дейди Аҳрорбек Ғуломов. – Арқонда юриш одамни эпчил, хотиржам, диққатли ва жасур қилади».
Жамоа йил давомида вилоятлар бўйлаб сафар қилади. Йилнинг иссиқ вақтларида чиқишларни чекка вилоятлар ва қўшни республикалар аҳолиси олқишлари билан қарши олади. Айни вақтда «Аҳрорбек дорбоз» иштирокчилари орасида бошқа сайёр цирк артистлари ҳам бор. Улардан бири акробат Абдурашид Алимовдир. У ўзи асос солган «Ёш дорбозлар гуруҳи» труппасида олти нафар йигитга сабоқ беради. Қишда унинг жамоаси ишламайди, шунинг учун у Ғуломов билан бирга чиқиш қилади.
реклама
реклама
Абдурашид Алимов арқонга нисбатан кечроқ чиққанини эслайди. 16 ёшда эди.

«Дўстларим билан шаҳарга боргандик. У ерда дорбозлар шоуси бўлаётган экан. Ўртоқларим мени аренага итариб юборишди. Икки марта сальто отдим, ҳамма қарсак чалди. Шу пайтдан бошлаб мен бу иш билан қизиқиб қолдим».
Ўсмир йигит Фарғонадаги гимнастика залида ўз маҳоратини оширди. Кейинчалик у ўз оиласи олдида дорбозлар шоусида иштирок этишни хоҳлаётганини тан олди, аммо улар бунга қарши эди.
«Айниқса, онам: “Аждодларинг орасида дорбозлар бўлмаган, қилолмайсан. Бу фикрдан воз кеч!” – деб қайта-қайта ёзғирди. Ҳақиқатан ҳам, ота-боболарим дорбоз бўлишмаган. Қариндошларимиз ҳам бу соҳадан узоқ одамлар. Аммо қаршиликларга қарамасдан дорбозлар жамоасига қўшилдим, чунки менда мураккаб трюкларга, ноёб машқлар ва енгил атлетика билан одамларни ҳайратлантиришга қизиқиш кучли эди».
Бир муддат аввал артист тўйларда масхарабозлик ҳам қилди. Онаси бундан хафа бўлди: «Масхарабоз бўлишинг камлик қилаётганди. Энди ҳамма фалончининг ўғли масхарабоз деб айтади». Тез орада у бу ишни ташлади.

«Асосан турли мураккаб акробатика ва каскадёр машқларини кўрсатаман. Мен ҳам бир-икки марта арқонга чиқдим, лекин бу ишда уста эмасман. Энди мен билан нафақат онам, балки отам, яқинларим ҳам фахрланади», – дея жилмаяди Абдурашид Алимов. У ҳар 10 кунда Фарғонадаги оиласининг олдига бориб туради.

Бугун акробат оддий кундалик кийимда чиқиш қиляпти. Цирк дастури учун мўлжалланган костюмлар ювилиши ва қуритилиши керак.

«Ҳар куни ювмоқчи бўляпмиз, аммо кечқурун чарчаб ухлаб қоляпмиз. Кечирасизлар», — дейди у.
Абдурашиднинг чиқишидан сўнг унинг олдига Миллий гвардия ходими келади. У ўз ҳамкасблари билан намойишни томоша қилиб ўтирган эди.

У табассум қилганча: «Ака, омадингизни берсин!» – деди ва дорбозга пул узатди. Юзидаги қувонч ва табассумни ниқоби тўсиб турган бўлса ҳам, кўзлари буни ошкор қилиб турарди. Мен ҳеч қачон Миллий гвардия ходимларининг кулганини кўрмаганман. Улар доим жиддий юришади.
Абдурашид Алимов акробатик чиқишларини моҳирона ижро этишдан ташқари, унинг рақсга тушадиган иккита илонли номери ҳам бор. У уларни ўргатмайди, балки «гипноз қилади». Булар труппанинг сўнгги ҳайвонлари. Аввалроқ, Аҳрорбек Ғуломовнинг айтишича, артислар билан бирга бўри, шер, йўлбарс каби 20 дан ортиқ турдаги ҳайвонлар ҳам сафар қилган. Ҳозирда ҳайвонлар ижарага берилган.
реклама
реклама
«Биз илонларни гўшт билан боқамиз. Уларни Самарқанддан олганмиз. Уларни сақлашга рухсатимиз бор, лекин уларни қандай сақлашимизни Экология қўмитасидан ҳеч ким назорат қилмайди. Эҳтимол, бор-йўғи иккиталиги учундир. Ҳайвонот боғимиз бўлганида, инспекторлар тез-тез келиб турарди», — дейди Аҳрорбек Ғуломов.
Труппа раҳбари ҳам гипноз билан шуғулланади. У томошабинлар орасидан кўнгиллиларни даврага чақириб, кўзларини юмишларини сўрайди.

«Э-э-э, ҳаммаси ўзининг танишлари», – дея ишонмайди кузатаётганлардан айримлар.

Артист эса ҳар бир довюракнинг олдига бориб, унинг елкасига қўлини текказади.

«Қани, рақсга тушингчи, – дея буйруқ беради ва улар рақсга тушишни бошлайди. – Қани, кулинглар», – дейди ва улар куладилар. Оғзи очилиб қолган томошабинлар Аҳрорбекни гипнозчи эмас, балки сеҳргар деб пичирлашни бошлайди.

У кўнгиллиларни ўзига келтириб, дуо қилиб, раҳмат айтади ва яна пул йиғишга жўнайди. Сахий бўлишни хоҳлайдиганларнинг баъзилари майдонни йўлдан ажратиб турган баланд тўр панжара ортида туришади. Улар панжарани айланиб ўтиб, майдонга яқинлашишга эринишган. Улар санъаткорларни деворга чақириб, панжара ортидан пул узатишади.
Бугунги дастурдан беш-олти яшар болакайнинг ҳам чиқиши ўрин олган. У труппанинг аъзоси эмас. Болани отаси олиб келди. Бола худди Шамшодбекникига ўхшаб оқ костюм ва кроссовка кийган. У ҳинд мусиқасига рақсга тушиб, томошабинлар чеҳрасига табассум улашади ва тош кўтаради. Йигитчанинг кучи томошабинлар орасидаги бир эркакни ҳайратга солади: «Бизнинг ҳам шундай ўғлимиз бўлсин», – деб пичирлайди хотинига.
«Менга ҳавас қилган ака-опаларимга мендан яхши фарзандлар бер, — дея Яратганга юзланади болакай ўз чиқишини якунлагач. — Мен бу ерга ҳаммани хурсанд қилиш учун келганман. Акаларим-опаларим, мени эмас, ота-онамни дуо қилиб қўйсангиз етарли».
Отаси олқишлар остида ўғлини елкасига миндириб, пул йиғишга боради. Артистлар ташриф буюрганларнинг миннатдорчилигини ҳам ўзлари билан олиб кетишади.

Дастурга кўра, Шамшодбек ҳам ўз кучини кўрсатиши керак. У манеж марказида турган «Спарк»ка боғланган арқонни тишлаб, қўлини орқасига олиб машинани жойидан силжитишга ҳаракат қилади. Ғилдираклар айланишни бошлайди.

«Биз, албатта, болаларнинг соғлиги ҳақида ўйлаймиз. Агар соғлигига ёмон таъсир қилганида, бу ишни қилишига қарши бўлардик биз ҳам, – дейди Аҳрорбек Ғуломов. – Оғирликни кўтаришнинг ўз техникаси бор. Ҳозир бирдан сиз ҳам тошни кўтарсангиз, албатта соғлиғизга зарар етади. Шамшодбек, масалан, машинани тишлари билан тортишни икки ёшидан бошлаган. Биз унга тортиш техникасини тушунтирганмиз, кўрсатиб берганмиз (буни фақат кўрсатиш мумкин). Кейин Шамшод 3 йил давомида машинани тортишни машқ қилди ва ўрганди. Ҳеч нима бирдан бўлмайди, уларнинг организмини мослаштириш учун дастлаб кичик оғирликдаги тошларни, кейин эса аста-секин килограми юқори тошларни кўтаришга ўргатганмиз. Ҳозир улар учун кўтараётган тоши ва тортаётган машинаси ҳеч қанақасига оғир эмас. Масалан, оғир кўтариш оқибатида грижа бўлиши мумкин. Оғирлик кўтариш техникаси, усулини биз баъзида полвонлардан сўраймиз».
реклама
реклама
Томошалар орасида Шамшодбек мусофирлик, йигит нон топиши, оила боқиши ҳақида тўрт қатор шеър ҳам айтади.

Назаримда, бу шеърлар труппа қаерда чиқиш қилган бўлмасин, томошабинлар қалбида акс-садо бериб туради. Бу шеърга қанчадан-қанча ўғил ва оталаримиз, эрларимиз ва ака-укаларимизнинг тақдири жо бўлмаган дейсиз.

Шамшодбекнинг чиқиши елкасига катта рюкзак тақиб олган мактаб ўқувчиларида ҳам катта қизиқиш уйғотади. Труппа одатига кўра, циркчи болалар ҳам ўқишади. Улар дорбозлар борадиган ҳудуддаги мактабда ўқийдилар. Ҳозир Шамшодбек аждодлар ҳунарини ўрганаётгани, уларнинг урф-одатларини сақлаб келаётгани учун дарсларга қатнашмайди. Шеъри ва машинани жойидан қўзғатгани учун томошабин аёллардан бири болага иккита колбаса беради.

«Қорнинг оч қолгандир, – дейди аёл. – Еб ол», – бола бахтли.
Тушлик вақти. Дилмурод полвон автобусда иштаҳа билан пирожка емоқда, мени ҳам олишга таклиф қилади. У ҳозиргина томошабинларнинг хавотирли нигоҳлари остида чиқиш қилди. Устига ўнтача эркакни чиқариб олган Дилмуроднинг ерга ётганча микрофонга «аххх» деганини эшитган аёллар уни «бечора полвон» деб атаб, эркаклардан артистнинг устидан тушишни талаб қилишганди. Ундан кейин Элмурод Эргашев чиқиш қилади.
«Аренага биринчи марта қачон чиққанимни аниқ эслай олмайман, – дейди Элмурод Эргашев. – Аммо буни эсимни таниганимдан бери қилаётганимни биламан. Дадам менга оғирлик кўтариш санъатини ўргатган. Мен 4 ёшимдан 8-16 кг оғирликдаги юкларни кўтариб, елкамга олишни бошлаганман. Ҳозир 24 ёшдаман. Тўрт-бешта 32 кг лик тошлар билан мен ўз чиқишларимни тайёрлайман. Айниқса, беш-олти кишини кўтариб, пирамида ҳосил қилганимизда томошабинлар олқишлайди».

Бу одамларнинг вазни, Элмурод Эргашевнинг айтишича, 450 кг га яқин. У кунига икки-уч марта ушбу чиқишини ижро этади.

«Яқин кунларда ҳар бирининг оғирлиги 70 кг бўлган етти-саккиз кишини кўтариб, янги чиқишимни намойиш этмоқчиман».
Полвон ўз ютуқларига жароҳатларсиз эришгани йўқ. У қўллари ва оёқларини синдирган, оёқ-қўли чиққан. Бир марта тошларни елкасида ушлаб туролмади ва уни шикастлаб олди. Шундан сўнг уч ҳафта чиқишларда қатнаша олмади, аммо оғир атлетикани тарк этишни ҳеч қачон ўйламаган.

«Касбим туфайли юртимизнинг мен бўлмаган жойи деярли қолмади. Аммо ҳали Ўзбекистондан чиққаним йўқ. Энг катта орзуим – Арабистонга бориб, Макка ва Мадинада ўз маҳоратимни кўрсатиш».

Элмуроднинг қўшимча қилишича, бошқа ҳунарлар унга кўпроқ даромад келтирса ҳам, майдонни тарк эта олмайди, чунки «ўз санъати билан томошабинларни хурсанд қилиш»ни бахт деб билади.
Кечки 7 га бориб томошабинлар тарқаб кетишади. Труппа аъзолари майдонни супуриб, томошабинлар қолдирган писта, ерёнғоқ пўчоқлари, пахтақанд ва бодроқ қадоқларини тўплашади, гиламларни қоқишади. Тозалаш ишларидан сўнг циркчилар Аҳрорбек Ғуломовнинг Чилонзордаги уйида ухлашади. Иссиқ мавсумда труппанинг бир нечта аъзолари ўз ареналари яқинидаги автобусда тунашади. Бунинг учун салоннинг ярмига фанерли постамент билан қопланган. Унинг устига гилам ёзиб, кўрпача тўшашади — Эмир Кустрица фильмлари декорациясига ўхшайди.

Кечқурунлар артистлар хорижга гастроль сафарларига қандай боришларини орзу қиладилар. Аҳрорбек Ғуломовнинг сўзларига кўра, уларни баъзан Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан ҳомийлар қўллаб-қувватлайди. Улар ўз мамлакатларида циркчилар учун жойлар ажратадилар ва уларнинг харажатларини қоплайдилар. Труппа раҳбари ҳомийликни бахт деб атайди ҳамда Қўшма Штатларда ва Европада чиқиш қилишни хоҳлайди. Бунинг учун артистлар ўз маҳоратларини оширишлари керак, дейди у.
«Шу ишни танлаганимдан хурсандман, – дейди Аҳрорбек Ғуломов. – Менинг ҳурматли жамоам, шогирдларим бор. Ўз ўрнимни топдим. Санъатим ортидан машина олдим, пойтахтда Ватан қурдим».

Аҳрорбек пойтахтдаги Ватан деганда Чилонзордаги уйини назарда тутади. Бу уй, эҳтимол, ҳеч қачон сайёр циркчилар учун эркинликнинг ўрнини эгаллай олмас, аммо ҳар доим суяниш мумкин бўлган қандайдир таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади.
Фотосуратлар муаллифи Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Тошкентда дорбозлар шоусини қаерда кўриш мумкин?

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг