Ўзбекистон мусулмонлар идораси Умра зиёратини қисман сайёҳлик фирмалари орқали ташкил этиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Бунга фуқароларнинг Умра зиёратига бўлган талаб ва истаклари сабаб бўлганлиги айтилди.

Маълум қилинишича, 20 март куни, «Умра-2020» мавсумида сафар харажатларини тўлиқ амалга оширган, лекин «COVID-19» пандемияси сабабли зиёратга бора олмаган ўзбекистонликларнинг охирги гуруҳлари Саудия Арабистонига жўнаб кетади. Шу билан, пандемия сабабли зиёратга бора олмай қолган 23 минг фуқароларни Умра сафарига юбориш ишлари тўлиқ якунланади, дейилади хабарда.

Олдинроқ Саудиядаги «COVID-19» пандемияси билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари аста-секин юмшатилиб, айрим давлатларга Умра зиёратини амалга оширишга рухсат берилган эди. Бу меҳмонхона ва бошқа турдаги хизматларга талаб ошишига, хусусан, Умра тадбирларининг нарх-навосига таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши ҳақида маълумот берилган эди.

Мусулмонлар идораси ҳамкор ширкат вакиллари билан Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра зиёрати юзасидан музокаралар олиб борилганини ва белгиланадиган нарх бўйича ўзаро келишувга эришилганини маълум қилди.

«Рамазон ойида Саудия Арабистонидаги мавжуд шароитдан келиб чиқиб, хизмат кўрсатиш нархлари ошаётган бўлсада, саъй-ҳаракатлар натижасида Шаввол ойида (Рамазон ойидан кейин) Умра мавсумининг охиригача зиёратчиларнинг сафар харажатлари учун амалдаги мавжуд қиймат сақлаб қолинади», — дейилади идора хабарида.

Умра сафарининг қиймати ҳақида расмий маълумот берилмаган.

2020 йилнинг февраль ойида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов қўмита томонидан Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасидан Ўзбекистон фуқароларига Умра визасини мустақил тақдим этмаслик ёхуд хусусий ширкатлар орқали мурожаат қилган шахсларнинг сўровини қаноатлантирмасликни сўралмаганлигини таъкидлаган эди.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Умра ишларини ташкил этишда Саудия Арабистонининг Al Hidoya Hajj, Umrah & Tourism компанияси билан ҳамкорлик қилиб келади. Ушбу ҳамкорлик 2008 йили бошланган, ўтган вақт ичида Умра ишини ташкил этишда бошқа хорижий ширкат ёхуд маҳаллий турфирмалар мунтазам иштирок этмаган.