Жума куни «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.

Кенгаш йиғилишида «Умра-2022» Рамазон мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ҳамкор ширкат масъуллари билан ўзаро мулоқот олиб борилди. Рамазон ва Шаввол ойлари учун янги шартнома лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Шунингдек, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошган, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирлари нарх-навога ҳам таъсир кўрсатади. Идора бу ҳолатлар ўзбекистонликлар учун Умра сафари нархларининг ҳам ошишига сабаб бўлиши мумкинлигини маълум қилинди.

«Ўз навбатида, ҳамкор ширкат томонидан Саудияда карантин талаблари юмшатилгани сабабли дунё мамлакатларидан умра зиёратига келувчилар сонининг кескин ошиб кетиши, бу эса меҳмонхона ижараси нархининг сезиларли кўтарилишига сабаб бўлиши, транспорт, озиқ-овқат, виза тўловларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир зиёратчи учун белгиланган тўлов суммасига қўшимча тўлов қилиниши маълум қилингани айтилди», — дейилади идора хабарда.

Йиғилишда мазкур ҳолатлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилингани маълум қилинган.

Маълумот ўрнида, 17 март ҳолатига 21 мингдан ортиқ зиёратчи Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёдроғи умра амалларини тўлиқ адо этиб қайтган. Айни кунларда 5600 нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида бўлиб турибди.