18 март куни кечқурун соат 20:45 да Яшнобод туманидаги мотор мой маҳсулотлари (бочкаларда) омборида ёнғин чиқди, деб хабар берди ФВВ.

Воқеа Фарғона йўли кўчасида жойлашган «Orient Logistics Center» қўшма корхонаси ҳудудидаги омборхонада юз берган. У ерга 10 та ёнғин-қутқарув экипажи, 3 та махсус ва 2 та ёрдамчи техникалар зудлик етиб борган.

Ёнғин соат 21:49 да қуршаб олинган ва 19 март соат 03:30 да бартараф этилган. Воқеа натижасида омборхонанинг тахминан 2000 кв. м майдонида мой маҳсулотлари ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган, вафот этганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.