Президент Шавкат Мирзиёев нафақага чиққан шифокорларга уйида оилавий шифохона очишга рухсат берилишини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ҳар йили 2 мингдан зиёд малакали шифокорлар пенсияга чиқади. Келиб тушган мурожаатларда уларнинг 60 фоизи ўз фаолиятини давом эттириш истагини билдирган. Бирламчи тизим қамровини кенгайтириш ва юкламани камайтириш мақсадида, биз эндиликда бундай тажрибали шифокорларнинг якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берамиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Бунинг учун алоҳида клиника очиш талаб этилмайди, балки бу тоифадаги шифокорлар ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин бўлади.

Якка тартибдаги оилавий шифокорларга, аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлари учун тўлов босқичма-босқич Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали берилади.

Ушбу тажрибани дастлаб Сирдарё вилоятида бошлаймиз. Кейинчалик зарур тайёргарликни кўриб, босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.