Бу йилнинг март ойи жуда ёмғирли бўлди. Шимолий ҳудудлардан ташқари, республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрдан сезиларли даражада кўп бўлди, дея маълум қилди Ўзгидромет.

Таъкидланишича, республиканинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ёғингарчилик одатдагидан 2−3 марта кўп бўлди. Тошкентда деярли 2 ойлик ёғингарчилик миқдори ёғди.

Ўзгидромет жадал ёмғирнинг давомийлиги ҳам аномал бўлгани, 5 мартдан бугунги кунга қадар деярли ҳар куни бироз танаффус билан ёмғир ёғганини айтиб ўтди.

«Энг кучли ёмғир 11−15 март кунлари кузатилди. Республика бўйича баъзи жойларда бир кеча-кундузда ёғган ёғингарчилик миқдори айрим кунларда 25−40 мм, тоғли ҳудудларда баъзи жойларда 50−60 мм гача бўлди», — деб ёзади марказ

Маълум қилинишича, шу билан ёмғирлар тугамайди. 18 мартга қадар Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёмғирлар танаффус билан ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. 18 мартда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир қорга айланиш эҳтимоли бор. Республиканинг шимолида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик ушбу кунларда бироз бўлади.

18 мартдан сўнг ёғингарчилик 2−4 кунга танаффус қилиши кутилмоқда. Кейинчалик, март ойининг охиригача бу кунлар каби кучли ва узоқ муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Ўзгидрометнинг қайд этишича, 2003, 2012 ва 2021 йилларнинг март ойларида ҳам жуда ёмғирли об-ҳаво кузатилган, аммо бу йилги каби жадал ва давомийлиги узоқ муддатли ёмғирлар илгари кузатилмаган.

«Иқлимшунос олимларнинг фикрича, глобал исиш ёғингарчилик кўпайишига олиб келмайди. Бироқ улар экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайишига, шу жумладан, аномал қуруқ ёки аномал нам даврларнинг такрорийлиги кўпайишига олиб келади. Жорий йилнинг март ойи бунинг ёрқин тасдиғидир», дейилади марказ маълумотида.