Пайшанба куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Унга кўра, Чироқчи туманида яшаётган аҳолига ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, ушбу туманнинг бир қисмида Кўкдала тумани ташкил этилди. Унинг маркази Еттитом шаҳарчаси этиб белгиланди.

Бунда Чироқчи туманида истиқомат қилаётган 420 минг нафар аҳолининг 176,3 минг нафари, яъни 32 та маҳаллада яшаётган қисми Кўкдала тумани таркибига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Кўкдала тумани таркибига 162 та саноат корхонаси ва 1 та кичик саноат зонаси (Айритом) ўтказилиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмининг туман саноатидаги улуши 151,9 млрд сўмни ёки 38 фоизни ташкил этади.

«Айритом» кичик саноат зонасининг 7 гектар майдонига муҳандислик-инфратузилма объектлари қурилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.

Халқаро аҳамиятдаги 94 км йўл бўйида 150 та хизмат кўрсатиш объектлари (516 та иш ўрни), Еттитом ҳудудидан ўтган А-378 автомагистраль йўли ёқасида 6 гектар ерда хизмат кўрсатиш ва савдо комплекслари ташкил этилади. 10 минг гектар лалми ва адир ерларда томчилатиб суғориш технологияси асосида боғ-токзорлар ташкил этилади.

«Натижада эса Кўкдала тумани таркибига ўтказилаётган аҳолига қулай шароитлар яратилади ҳамда туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ошишига хизмат қилади», — дейилади хабарда. Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Маълумот учун, Чироқчи туманига 1926 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 420 минг кишини, умумий ер майдони 2,8 минг км2 ни ташкил этади. Бугунги кунда туманда жами 2 137 та корхона, шундан 324 та саноат корхонаси мавжуд бўлиб, улар томонидан 2021 йилда 7,4 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

унингдек, туманда 45 мингдан ортиқ тарбияланувчиси бўлган 230 та мактабгача таълим ташкилоти, 93 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган 234 та умумтаълим мактаби ҳамда 8 та оилавий поликлиника фаолият юритиб келмоқда.

Қайд этилганидек, бугунги кунда туман марказидан энг чекка қишлоққача бўлган масофа 65−100 км, жумладан, «Тошли» қишлоғи — 100 км, «Сарсон» қишлоғи — 93 км ва «Қуруқсой» қишлоғи — 65 км. Бу эса, аҳолининг туман марказига бориб-келиши учун 2−3 та йўловчи транспортидан фойдаланишига ва бир кун йўқотилишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, Чироқчи туманда 2021 йилда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 млн сўм (вилоятда 5,5 млн сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 млн сўм (вилоятда 8,7 млн сўм), хизматлар ҳажми эса 1,8 млн сўм (вилоятда 3,9 млн сўм)ни ташкил қилиб, вилоят бўйича энг охирги ўринда турибди.