Март ойининг дастлабки 15 куни ичида республикада 583 минг хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, республика бўйича 106 та ҳолатда улгуржи истеъмолчилар томонидан 7 млн 864 минг куб метр табиий газдан ноқонуний ва нооқилона фойдаланилган. Натижада, газ таъминоти корхоналари манфаатларига 7 млрд 646 млн сўм зарар етказилган.

Ушбу миқдордаги табиий газ 583 минг хонадоннинг бир кунлик (ёки Фарғона ва Наманган вилоятлари жами аҳоли хонадонларининг 1 кунлик истеъмолига тенг) истеъмолини ташкил қилади, дейилади хабарда.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи:

  • Фарғона вилоятида — 5,6 млн куб метр ёки 5,6 млрд сўм;
  • Бухоро вилоятида — 1,1 млн куб метр ёки 1,127 млрд сўм;
  • Сурхондарё вилоятида — 596 минг куб метр табиий газ ёки 593 млн сўмни ташкил этган.

Аниқланган барча ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.