«Ҳарбий ҳаракатлар зудлик билан тўхталиши зарур» — ТИВ раҳбари Украинадаги вазият ҳақида

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Сенатдаги чиқишида Ўзбекистон Украинадаги вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлади. «Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик», — деди у.

Бугунги кунда 300 га яқин фуқароларимиз Украинада бўлиб турибди — Абдулазиз Камилов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Украинада айни дамда 300 га яқин Ўзбекистон фуқароси қолаётганини маълум қилди. У Украинадан эвакуация қилиш жараёни фуқароларни Сурия, Ироқ ва Афғонистондан ватанга қайтаришдан енгил бўлмаганини таъкидлади.

Хорижда паспорт ва сертификат олиш тўловлари қимматлиги бўйича ТИВ раҳбарига депутатлик сўрови юборилди

Хорижда Ўзбекистон паспорти ва қайтиш сертификатини олиш бўйича тўловлар Марказий Осиё давлатлари орасида энг қиммати ҳисобланади. Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев нархларни асослаш ва пасайтириш юзасидан ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камиловга депутатлик сўрови киритди.

Қашқадарёда янги туман ташкил этилди

Қашқадарёнинг Чироқчи тумани таркибида янги Кўкдала тумани ташкил этилди. Унга Чироқчидаги 420 минг нафар аҳолининг 176,3 минг нафари яшаётган 32 та маҳалла киритилади ва Еттитом шаҳарчаси туман маркази этиб белгиланди.

Машҳурлар ва шифокорларнинг дори воситаларини реклама қилиши тақиқланмоқда

Янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун билан машҳурлар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорларга ўхшаш шахсларнинг дори воситаларини реклама қилиши тақиқланмоқда. Шунингдек, рекламаларда болаларни хавфли ҳолатларда кўрсатиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш ҳам ман қилинади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қийноқ қурбонларига етказилган зарар ва бой берилган фойда қопланади

Сенатда Фуқаролик кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган зарарлар билан бирга, бой берилган фойда ва сарфланган харажатлар ҳам тўлаб берилиши назарда тутилмоқда.

Давлат хизматлари ҳамда Интеллектуал мулк агентликлари Адлия вазирлигига қўшиб юборилди

Президент фармонига асосан Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги таркибида департамент сифатида қайта ташкил этилади. Вазирликда бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага, бир-бирини такрорловчи вазифалар 34 фоизга, функциялар 46 фоизга, ҳаражатлар эса 84,5 млрд сўмга қисқаради. Аввалроқ, вазир Русланбек Давлетов ДХА тизимидаги ходимлар сони қисқаришини эмас, аксинча ортишини айтганди.

МБ асосий ставкани 17 фоиз этиб белгилади

Марказий банк асосий ставкани 3 фоиз бандга ошириб, йиллик 17 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Регулятор 2020 йилдан бери асосий ставкани 14 фоиз даражасида ушлаб турганди.

Асосий ставканинг оширилиши шокларни юмшатишга қаратилган — МБ

Марказий банк асосий ставкани девальвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишининг олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ҳамда ташқи хатарларнинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш орқали мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида йиллик 17 фоизга оширди. МБ иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун яна қандай чоралар амалга оширилиши режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди.

Сенаторлар янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини маъқуллади

Сенатининг навбатдаги мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини маъқуллади. Мажлисда 1995 йилда қабул қилинган амалдаги кодекс таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги таъкидланди. Сенат раиси Танзила Нарбоева эса янги кодекс «инсон қадрига асосланган"ини айтди.

Қашқадарёда 10-синф ўқувчиси ўз жонига суиқасд қилди

Нишон туманида 17 ёшли мактаб ўқувчиси фермер хўжалиги даласидаги дарахтга ўзини осиб қўйди. Қизнинг руҳиятида ўзгаришлар бўлганлиги айтилмоқда. Туман прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.

Тошкентда таркибида рубин ва сапфир бўлган тошни $220 мингга сотишга уринган шахслар ушланди

ДХХ пойтахтда таркибида рубин, сапфир ва бошқа минераллар бўлган, асл баҳоси 33 млн сўмлик тошни 220 000 долларга сотишга уринганликда гумон қилинган шахсларни қўлга олди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

«Ўзсаноатэкспорт»нинг собиқ раиси Самарқанд вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди

Ойбек Мирзабеков Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. У тайинловга қадар «Ўзсаноатэкспорт» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.