Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенатнинг ахборот хизмати хабар берди.

Сенаторлар томонидан 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги таъкидланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилгани қайд этилди.

Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

Шунингдек, Кодексни дастлаб Сенатнинг қўмиталарида кўриб чиқиш жараёнида тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижтимоий тармоқлардаги ҳамда фуқаролардан келиб тушган таклифлар кенг муҳокама қилинди.

Хусусан, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари, меҳнат муносабатларидаги камситиш омиллари, хизмат текшируви ҳамда жамоавий меҳнат низолари юзасидан киритилаётган нормаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Муҳокама якунида сенаторлар томонидан Қонун маъқулланди.

Сенат раиси Танзила Нарбоеванинг янги Меҳнат кодекси бўйича «унда замонавий меҳнат муносабатлари билан боғлиқ барча муҳим жиҳатлар инобатга олинган», — деди. Унинг таъкидлашича, кодексда «меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнат тушунчалари халқаро меъёрлар ва тавсияларга (ХМТ) мос тарзда батафсил ёритилган».

«Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали ёки ногирон болалари бўлган ота-оналарга, ногиронлиги бўлган шахсларга, битирувчиларга, ҳарбий хизматдан бўшатилганларга, жазодан озод қилинганларга, одам савдосидан жабрланганларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар белгилангани эътиборга молик», — дейди Танзила Нарбоева.

Таъкидланишича, ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Умумлаштирилган преференциялар тизимига, яъни GSP+ тизимига қўшилган.

«GSP+ бўйича Европага 6200 турдаги товарларни божсиз эскпорт қилиш имконияти бор. Бу иқтисодий жиҳатдан катта имкониятлар бериши билан бирга зиммамизга масъулият ҳам юклайди», — дея таъкидлади Сенат раиси.

Унинг таъкидлашича, «қатор соҳаларга (инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит муҳофазаси, самарали бошқарув ва б.), шу жумладан меҳнат ҳуқуқларига оид 27 та халқаро конвенциялар ижросини» таъминлаш лозим.

«Умуман олганда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мазмун-моҳиятига кўра ижтимоий йўналтирилган, кўп жиҳатдан ходимлар (меҳнаткашлар) манфаатлари устуворлигига, оддий қилиб айтганда инсон қадрига асосланган», — деди Танзила Нарбоева.