Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенатнинг ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги Қонунга зарурат амалдаги Қонунда умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжуд бўлиб, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмагани учун пайдо бўлган.

Хусусан, реклама фаолиятига қўйиладиган талабларнинг етарли эмаслиги, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмаганлиги кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Чунки, амалдаги «Реклама тўғрисида»ги Қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар унга 15 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шунингдек, ушбу соҳа қонундан ташқари яна 3 та идоравий ҳужжат билан ҳам тартибга солинмоқда.

Янги таҳрирдаги Қонунда ушбу қонуности ҳужжатлари нормалари ҳам киритилиб, реклама фаолиятини тартибга солувчи яхлит ҳужжат сифатида акс эттирилган.

Таъкидланганишича, қонун нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб янги тушунчалар билан тўлдирилган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади, қўшимча равишда унинг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкин.

Қонунда реклама берувчининг, реклама тайёрловчи ва тарқатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.

Шунингдек, ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси шаҳарсозлик режалаштириш ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда мавжуд биноларнинг ташқи меъморий қиёфасига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши керак.

Хусусан, ташқи реклама ва ахборот объектларини ўрнатиш чизмаси ҳамда унга киритиладиган ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий сайтларида эълон қилиниши лозим.

Маълум қилинишича, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда.

Жумладан, дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора, ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш тақиқланмоқда.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати сифатида вояга етмаганларни рекламадан, хусусан унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилувчи ва рекламада вояга етмаганлар иштирокини чекловчи янги нормалар билан тўлдирилгани кўрсатилган.

Жумладан, вояга етмаганларни хавфли вазиятларда кўрсатиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш, вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни телеканалларда, вояга етмаганлар учун мўлжалланган телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, Қонунда дори воситалари рекламасига қатъий талаблар ўз аксини топган. Эндиликда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирокидан фойдаланиш тақиқланади.

Сенаторлар муҳокамада Қонунда баён этилган айрим моддаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан боғлиқ жараёнларга ҳам эътибор қаратди.

Хусусан, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, телевидение, ра дио, босма ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиладиган рекламага қўйиладиган талаблар бирма-бир кўриб чиқилди.

Телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас.

Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.