Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори 2020 йилги коронавирус инқирозидан сўнг қайта жонланди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) «Газета.uz»га маълум қилди.

Жумладан, февраль ойида республика бўйича 22 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилди. Ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг январь ойига нисбатан (17,7 минг) 24,1 фоизга кўпроқ ҳисобланади. 2021 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 8,7 фоизни (20,2 минг), 2020 йилнинг февраль ойига нисбатан 30 фоизни (16,9 минг) ташкил этди.

Мутахассисларнинг фикрича, 2020 йилдаги короновирус инқирозидан сўнг Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозори тўлиқ тикланди.

Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Қайд этилишича, кўчмас мулк бозорининг ривожланиши бир неча омилларга боғлиқ. Жумладан, ипотека ислоҳотлари, 2021 йилда ипотека кредитларининг либераллаштирилиши ва уй хўжаликлари даромадларининг тикланиши Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозорининг янада ривожланишига таъсир кўрсатди.

Ўзбекистонда глобал хавф-хатарлар фонида ушбу секторда харид қилиш қобилиятини арзон уй-жойлар, имтиёзли ипотека кредитлари ва субсидиялар бўйича давлат дастурлари қўллаб-қувватлашни давом эттиради, дейилади ИТИМ хабарида.

Ҳудудлар кесимида февраль ойидаги энг юқори ўсиш суръатлари Бухоро (50,8 фоиз), Наманган (37 фоиз), Фарғона (30,9 фоиз) ва Хоразм (29,6 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Кўчмас мулк бозорида битимлар сонининг камайиши Тошкент (-13,4 фоиз), Навоий (-6,4 фоиз) ва Андижон (-1,9 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Марказ натижаларига кўра, февраль ойида иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,7 фоизга ошган. Таққослаш учун январь ойида ўсиш 1,4 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида уй-жой нархининг энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё (10,1%) ва Сурхондарё (6,4%) вилоятларида шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (4,5%) кузатилди. Самарқанд (-2,3%), Андижон (-2,1%) ва Наманган (-1,3%) вилоятларида эса уй-жой нархининг пасайиши қайд этилди.

Тошкент шаҳрида январь ойига нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,6 фоизга ошган. Туманлар кесимида энг юқори ўсиш Учтепа (4,2 фоиз), Яккасарой (3,4 фоиз) ва Яшнобод (2,9 фоиз) туманларида кузатилган. Пойтахтнинг Шайхонтоҳур (-2,1 фоиз) ва Бектемир (-1,9 фоиз) туманларида иккиламчи уй-жой бозорида ўртача нархларнинг пасайиши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иккиламчи бозорда уй-жойлар нархи 2021 йилнинг IV чораги давомида ўртача 5,1 фоизга кўтарилганди. Жумладан, Тошкент шаҳрида нархлар 4,2 фоизга ўсган. Бухоро, Андижон, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида нархлар 10 фоиздан юқорироққа ўзгарган.