Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистонда кечки пайт йўлда икки нафар ЙПХ ходимига қупол муносабатда бўлиб, куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маъсулининг видеоси тарқалди.

Унда раҳбарнинг ходимлар билан «Сен нима иш қилдинг…, 6 тасини ёздингми…, ремень қани…, нимага „маршрутка“ йўқ… нечтасини ушлаб бердинг» каби савол-жавоблар қилгани ва уларнинг жавобидан сўнг уларни кетма-кет уриб-сўкканига гувоҳ бўлиш мумкин.

Кейинчалик маълум бўлишича, бу масъул Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи капитан Б.Хожанов эканлиги маълум бўлган. Капитан видеода ходимларининг боди- камераси ишлашига гумон билдирган. Аммо ушбу вазиятнинг барчаси ходимнинг боди-камерасига тушиб қолган.

Вазият бўйича Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, видеотасвирдаги ҳолат 2021 йилнинг 14 февраль куни содир бўлган.

«Мазкур ҳолат юзасидан вазирликнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи капитан Б.Хожановга нисбатан тегишли тартибда хизмат текшируви тайинланган. Вазирликнинг тегишли соҳавий хизматлари томонидан ўтказилган хизмат текшируви якуни бўйича, капитан Б.Хожановга нисбатан қўл остидаги ходимларга қупол муносабатда бўлганлиги ҳамда хизматда камчиликларга йўл қўйганлиги учун „лавозим маошининг 30% миқдорида ушлаб қолиш“ қаттиқ интизомий жазо чораси қўлланилган», — дейилади маълумотда.