16 март куни эрталаб самолётлар Тошкент аэропортидан кўтарила олмади ва унга қўна олмади. Кўриш имконияти ёмонлашгани сабабли бир қанча маҳаллий ва халқаро рейслар кечиктирилди ва бошқа аэропортларга кўчирилди, деб хабар қилди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Жумладан, Тошкент аэропортида қуюқ туман туфайли — кўриш масофаси 150 м атрофида — Turkish Airlines авиакомпаниясининг бортида 259 йўловчи бўлган Истанбул — Тошкент йўналиши бўйича THY-368 рейси самолёти белгиланган аэропортга қўна олмади ва соат 8:45 да Бишкекдаги (Қирғизистон) захира аэродромга жўнаб кетди.

Шунингдек, Air Cairo авиакомпаниясининг Шарм-ал-Шайх — Тошкент йўналиши бўйича MSC-771 рейси эса кўриш имконияти ёмонлиги (200 м) туфайли Навоийдаги захира аэродромига жўнаб кетди. Бортида 172 йўловчи бўлган самолёт эрталаб соат 9:35 да Навоий аэропортига қўнди.

Тошкент вақти билан соат 10:14 да Тошкент аэропортидаги чекловлар бекор қилинди. Айни пайтда кўриш масофаси тахминан 2000 метрни ташкил этмоқда. Turkish Airlines авикомпаниясининг THY-368 рейси самолёти Тошкентга соат 11:47да, Air Cairo авиакомпанияси борти эса маҳаллий вақт билан соат 12:07да пойтахт аэропортига қўнди.