Cурункали ёғингарчиликлар туфайли Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги хўжаликлараро коллекторининг Бахт шаҳарчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сув сатҳи меъёридан ошиб кетди. Бу ҳақда ФВВ хабар бермоқда.

Натижада қишлоқ хўжалигининг шудгор ерларига, маҳаллалар ва аҳоли яшаш хонадонларига, хусусан, Бахт шаҳри «Хазина» МФЙнинг «Хамиятли» кўчасида 21 та, «Тароватли» кўчасида 7 та, «Улуғ йўл» кўчасида 35 та, «Пешқадам» кўчасида 12 та, «Янги қурилиш» кўчасида 27 та хонадонга сув кирган.


Вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида Бахт шаҳри ИИБда туман ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ, МГ ходимлари ва маҳалла вакилларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ тузилди.

«Ишчи гуруҳ томонидан сув тошган хонадонлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ҳақида огоҳлантириш хатлари берилиб, „Хазина“ МФЙдан 20 та хонадонда яшовчи 68 нафар фуқаро вақтинчалик яқин қариндошлари хонадонларига кўчирилди. Кўчирилган аҳоли учун тиббий ва бошқа таъминот тадбирлари ташкил этилди», — дея қайд этди ФВВ.

Сув тошиш оқибатларини бартараф этиш учун вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Автойўл хизмати, Сув хўжалиги вазирлиги вилоят тузилмалари жалб қилинган.

Шунингдек, воқеа жойига ФВВдан қутқарувчилар етиб борган. Жиззах ва Тошкент вилоятлари ФВБларидан қўшимча куч ва воситалар сафарбар этилди, ҳозирда сувни чиқариш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.