Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов олий таълим илмий салоҳият ўсаётганига шубҳа қилувчиларга муносабат билдирди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

«Ëши улуғлар, 70−80 ёшдан ошганлар мудир бўлиши, таълимда ишлаши тўғрими, деб кўп тортишувлар бўлади. Мен бунга битта жавоб бераман. Агарда у шу ёшгача илм билан шуғулланган бўлса, у бизга жуда керак. Лекин 50−60 ёшдан кейин фақат гуруҳбозлик, келган раҳбарни ишлатмаслик, унинг ишига тўсқинлиқ қилиш билан шуғулланса, илм йўқ у ерда», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда республика бўйича илмий даражали педагогларнинг улуши ўсаяпти. Олий таълим тизимида улар 2016 йилда 7766 нафар бўлган бўлса, ҳозирда 12686 нафарни ташкил этмоқда (38%га ошган).

«Ибора қилиб айтадиган бўлсак, 5 йилда 5000 олим қўшилди. Лекин илмий салоҳиятимиз қамрови ошгани ҳисобига атиги 2 фоизга кўтариляпти», — деди Абдуқодир Тошқулов.

Шунингдек, 23 та ОТМнинг илмий ишлар ва инновациялар ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналиши бўйича проректорлари вазирликка тасдиқланмаган маълумот тақдим этгани танқид қилинди.

«Вазирликка етиб келгунча бу ҳужжатларнинг ҳаммасига ректорлар имзо қўйиб берган. Текширсак, осмондан олинган рақамлар», — дейди вазир.

«Мен тушунаман, ректорда мингта ташвиш бордир, лекин проректор нега 50−100% устама билан ойлик оляпти?» — дея савол билан юзланди Олий таълим вазирлиги раҳбари.

Ўтган йилнинг февраль ойида Абдуқодир Тошқулов олий таълим муассасаларини ислоҳ қилиш учун 3 ой кераклигини айтганди. Шунингдек, у таълим соҳасида коррупция камайган бўлса-да, тизим атрофида фирибгарлар кўпайганлигини қайд этган. «Халқ, раҳбарият олий таълимнинг „ювелир“ даражада тоза бўлишини хоҳлайди», — деганди у.