72,97 фоиз овоз олган Сердар Гурбангулевич Бердимуҳамедов Туркманистон президенти этиб сайланган деб тан олинди. Бу ҳақда Туркманистонда Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссия маълум қилди.

12 март куни республика бўйича рўйхатга олинган 3,46 млндан зиёд сайловчидан 3,36 млндан ортиқроғи ёки 97,17 фоизи овоз бергани маълум қилинди.

Сайловда жами 9 нафар номзод иштирок этди. Шундай қилиб, овоз бериш натижаларига кўра:

  • Лебап вилояти молия-иқтисодиёт ихтисослаштирилган мактаби директори Перхат Гуванчгулевич Бегенжов 2,02 фоиз;
  • Марям вилояти ҳокими ўринбосари Агаджон Бекмиродов 7,22 фоиз;
  • Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Гурбангулевич Бердимуҳамедов 72,97 фоиз;
  • Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазирлигининг «Аваза» санаторийси бош шифокори, Туркманистон Мажлиси депутати Бердимаммет Ханмамедович Қурбонов 2,22%;
  • «Wepaly gurluşyk» хўжалик компанияси директори Мередов Бабамурат Тиркешович 1,08%;
  • Туркманистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институти илмий ишлар бўйича проректори Хйдир Какабаевич Нуннаев 11,09%;
  • Туркманистон Демократик партияси қўмитаси раиси, Тошҳовуз вилояти Сапармурат Туркманбоши этрапи Мақсат Мйрадович Одешов 1,15%;
  • Ахал вилояти Бабадайхон этрапи санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи Мақсатмурод Аширгелдиевич Овезгелдиев 1,16%;
  • Туркманистон давлат энергетика институтининг «Қайта тикланувчи энергия манбалари» илмий-ишлаб чиқариш маркази директори Какагелди Атажанович Сариев 1,09% овоз тўплади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Халқ Маслаҳати йиғилишида нутқ сўзлаб, давлат бошқаруви ёш раҳбарларга берилиши кераклигини маълум қилганди. Унинг ўзи эса Халқ Маслаҳати раиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқчи.