Украинадан қайтиб ўқишини Ўзбекистонда давом эттириш истагида бўлган талабаларнинг ҳужжатлари ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан қабул қилинмоқда, дея маълум қилди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги. Вазирликнинг таъкидлашича, Украинадан қайтган талабаларнинг ўқишини 15 мартдан бошлаб соддалаштирилган тартибда кўчириш бошланган.

Бу жараёнда талабалар яшаш ҳудудларида ташкил этилган ишчи гуруҳларга мурожаат қилиб, батафсил маълумот олишлари сўралган.


«Шу кунга қадар Олий ваўрта махсус таълим ҳамда Ташқи ишлар вазирликларига ушбу масалада мурожаат қилган фуқароларнинг, хусусан талабаларнинг хорижий таълим муассасалари ва яшаш ҳудудлари кесимида рўйхати шакллантирилиб, ҳудудлардаги ишчи гуруҳларга юборилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Ўзбекистоннинг Киевдаги эчихонаси (ҳозирги пайтда Львовда — таҳр.) Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ўқишни масофавий давом эттиришлари мумкинлиги ҳақида хабар қилган эди.

Кейинроқ, 4 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Украинадан эвакуация қилинган талабалар Ўзбекистондаги ОТМларда ўқишини давом эттириши учун барча шароитлар яратиб берилишини маълум қилди.