14 март куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқилиши юзасидан тегишли қарорни қабул қилди.

Мазкур масала 17−18 март кунлари бўлиб ўтадиган Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Депутат Расул Кушербаев эса «бутун бошли қонунни қайтариш нотўғри» эканлигини айтмоқда.

«Газета.uz»га юқори палата матбуот хизмати сенаторларнинг эътирозлари баён этилган маълумотномани тақдим қилди. Унда қонуннинг 4, 20, 21, 22, 26, 30, 33-моддаларида баҳсли нормалар мавжудлиги қайд этилган.


Таъкидланишича, қонунда ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос бўладиган ҳолатлар аниқ кўрсатилган. Бироқ, ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш масаласи, жумладан талаб этиладиган харажатлар миқдори (компенсация) дастлаб мулкдор билан эмас, балки жойлардаги вакиллик ҳокимияти органларида, яъни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиниши белгиланган.

«Қўмита аъзолари масала, аввало, мулкдор билан муҳокама қилиниши, барча ҳисоб-китоблар ўзаро келишилиши ва шундан кейингина Жўқорғи Кенгес ёки маҳаллий Кенгашга киритиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратишди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, қонуннинг 4-моддасида санаб ўтилган ҳар бир ҳолатни аниқлаш тартиб-таомиллари ва механизмлари аниқ баён этилмаган. Мисол тариқасида келтирилишича, ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун мудофаа ва хавфсизлик мақсадларида олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

«Бироқ, қонунда айнан қайси ҳолатлар мудофаа ва хавфсизлик мақсадлари эканлиги баён этилмаган. Масалан, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчилари учун турар жойлар барпо этиш ёки бошқа шу каби жамоатчилик эҳтиёжи деб топиладими? Қонундаги мавҳумликлар ўз навбатида келажакда идоравий манфаатлардан келиб чиқиб ҳар қандай ҳолатда ер участкасини олиб қўйиш учун замин яратади. Бу эса, аҳолининг кайфиятига салбий таъсир қилиб, уларнинг асосли эътирозларига олиб келади», — дейилади хабарда.

20-моддада ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокама ўтказиш тартиби белгиланган. Унга кўра, ташаббускор ўтказиладиган муҳокамалардан камида 7 кун олдин ҳуқуқ эгаларига очиқ муҳокамани ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилган ҳолдаги хабарномани юбориши кераклиги кўзда тутилган.

«Бироқ, ушбу моддада ҳуқуқ эгаларига хабарномани тегишли тартибда топшириш, ҳуқуқ эгалари хабарномани қабул қилишдан бош тортган тақдирда амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар ёки ҳуқуқ эгаларига хабарнома тегишли тарзда етказиб берилмаганлиги оқибати баён этилмаган», — дейилади хабарда.

Қолаверса, ушбу моддада очиқ муҳокама, агар унда ҳуқуқ эгаларининг (улар вакилларининг) учдан икки қисми иштирок этган бўлса, ўтказилган деб ҳисобланиши назарда тутилмоқда. Сенаторларнинг таъкидлашича, «ҳуқуқ эгалари муайян бир вакиллик органи эмас, уларнинг учдан икки қисми билан боғлиқ мажбурий талаб қўйилиши уларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади».

Шунингдек, ҳуқуқ эгалари очиқ муҳокамага узрли сабабларга кўра келмаслик оқибатлари (соғлиғининг ҳолатига кўра, яқин қариндошларининг вафоти ва бошқа ҳолатлар), бунда очиқ муҳокамалар унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши ёки муҳокама бошқа кунга қолдирилиши каби масалалар очиқ қолган.

Таъкидланишича, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳуқуқ эгалари кўпчиликни ташкил қилмаслиги, шу жумладан ер участкасининг ҳуқуқ эгаси фақат бир ёки икки шахсни ҳам ташкил қилиши мумкин. Сенаторларнинг фикрича, хаттоки «суд амалиётида ҳам узрли деб топилган сабабларга кўра иш муҳокамасини кейинга қолдиради. Бу эса фуқаронинг Конституция ва қонунларда белгиланган мулк ҳуқуқи дахлсизлигига путур етказилишига сабаб бўлади».


21-моддада ер участкаларини олиб қўйиш тўрисидаги қарорни қабул қилиш тартиби баён этилган. Унда очиқ муҳокама якунлари бўйича тузилган баённома Жўқорғи Кенгес, маҳаллий кенгашга тақдим этилгандан кейин бир ой ичида Жўқорғи Кенгес девони, маҳаллий Кенгаш котибияти ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида қарор лойиҳасини тайёрлаши ва лойиҳага қўйилган талаблар белгиланмоқда.

Бироқ, маҳаллий кенгаш котибиятининг бу каби ваколатлари мавжуд эмас, бундан ташқари қарор лойиҳаси ташаббускор томонидан ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бундан ташқари, ушбу моддада ҳуқуқ эгалари ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишидан норози бўлган ҳолларда амалга ошириладиган тартиб-таомиллар, шу жумладан Жўқорғи Кенгес, маҳаллий кенгаш томонидан қандай қарор қабул қилиши тартиби назарда тутилмаган.

«Ушбу норманинг мазмунига кўра ҳуқуқ эгалари ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишидан норози бўлса ҳам ер участкаси олиб қўйилиши мумкин, деган маънони англатади ва бу ўз навбатида амалиётда мулкдорларнинг қонунчиликда кўзда тутилган ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келиши мумкин», — дейилади хабарда.

22-моддада Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳуқуқ эгалари билан компенсациянинг шартлари, турлари ва миқдори буйича келишувга эришишга доир ишларни амалга оширади, деб белгиланмокда.

Таъкидланишича, Конституцияда хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги, шунингдек, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши қайд этилган.

«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига асосан барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади. Қолаверса, Шаҳарсозлик кодексига кўра, ер участкасини олиб қўйиш зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин амалга оширилади.

Шу боис, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳуқуқ эгалари билан келишиш ишларини амалга оширгандан сўнг, ер участкаси компенсация эвазига олиб қўйилиши тўғрисида қарор қабул қилинишини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

«Шунингдек, ушбу моддада ҳуқуқ эгаси билан келишув тузилмаган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги Жўқорғи Кенгес, маҳаллий Кенгаш қарорининг ҳуқуқий ҳолати баён этилмаган. Хусусан, келишувга эришилмаган тақдирда қабул қилинган қарор бекор қилинадими, мазкур масала бўйича Жўқорғи Кенгес, маҳаллий кенгашнинг такрорий сессияси ўтказиладими, ер участкасини олиб қўйиш билан боғлиқ жараёнда қилинган сарф-харажатлар ким томонидан қопланади?», — дейилади Сенат хабарида.

26-моддада келишувда назарда тутилган барча компенсациялар тўлиқ ҳажмда берилган пайтдан эътиборан ҳуқуқ эгаси олиб қўйилган ер участкасидаги кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини йўқотиши, кўчмас мулк объектларини (турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни, ишлаб чиқариш жойларини, бошқа биноларни ва иншоотларни) 6 ой ичида тўлиқ бўшатиши белгиланган.

Шунингдек, олиб қўйилган участкадаги объектлар компенсациялар тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин тўлиқ бўшатилгунига қадар коммуникация тармоқларидан, шу жумладан сув таъминоти, оқова сув, электр, алоқа, иссиқлик ва газ тармоқларидан узиб қўйилиши мумкин эмаслиги назарда тутилган.

Бироқ, қонунда компенсация тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин кўчмас мулк тўлиқ бўшатилгунига қадар 6 ой мобайнида истеъмол қилинган коммунал хизматлар ҳақи, солиқ тўловлари ким томонидан ва кимнинг ҳисобидан тўланиши номаълум бўлиб қолган. «Бу эса, ўз навбатида амалиётда ташаббускор ва ҳуқуқ эгалари ўртасида турли тушунмовчиликлар ва келишмовчиликлар вужудга келишига олиб келиши мумкин», — дейилади хабарда.

30-моддага кўра Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш ҳақида қарор қабул қилиш тартиби назарда тутилган.

«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида эса, олиб қўйилиган ер участкасида жойлашган кўчмас мол-мулк бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан қабул қилиниши белгиланган.

33-моддада Жўқорғи Кенгес, маҳаллий кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш ёхуд олиб қўйишни рад этиш, шунингдек кўчмас мулк объектини бузиш тўғрисидаги қарори устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан суд тартибида шикоят килиниши мумкин, деб белгиланмоқда.

Таъкидланишича, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасига кўра, Конституция, қонун, президент фармон ва қарорларига зид маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари Сенат томонидан бекор қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, 33-моддада Жўқорғи Кенгес, маҳаллий кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш ёхуд олиб қўйишни рад этиш, шунингдек кўчмас мулк объектини бузиш тўғрисидаги қарори устидан фақат фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шикоят қилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

«Ваҳалонки, ер участкасини олиб қўйиш ёхуд олиб қўйишни рад этиш тўғрисидаги қарордан ташабускорлар ҳам манфаатдор ҳисобланади. Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда кейинчалик ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли коллизиялар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида 33-моддасини қайта кўриб чиқиш зарур», — деган фикрда сенаторлар.


Мазкур ҳолат юзасидан депутат Расул Кушербаев ўзининг эътирозини билдириб, ҳавотирлари асосли бўлиб чиқаётганини таъкидлади.

«Таркибида кўплаб ҳокимлар бўлган Сенат ҳокимларнинг ўзбошимчалигига чек қўядиган қонунни қайтармоқчи экан. Агар бу қонун кучга кирса ҳокимлар „снос“ баҳонасида бизнес субъектларига ерларни бера олмай қолишади», — деди у.

Депутатнинг таъкидлашича, қонунда баъзи камчиликлар бўлиши мумкин, «бироқ бу билан бутун бошли қонунни қайтариш нотўғри». Унинг фикрича, ҳозирча асосли эътироз ҳам билдирилмаган.

«Биз бу қонунни қанча тез қабул қилсак антиконституцион ва давлатчилик ҳурматига путур етказаётган бир қатор лоббистик қарорлар, шу жумладан айрим ҳокимлар амал ҳам қилмайдиган ҳукуматнинг 911-сонли қарори бекор қилинишига эришамиз. Фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаётган ушбу адолатсиз қарордан тезроқ қутулишимиз керак», — деди Расул Кушербаев.

У шунингдек, сенаторларга ҳам мурожаат қилди: «Сенат аъзоси бўлган кўпгина ҳокимларнинг ўзбошимчалиги сабаб Ўзбекистон „Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик“ рейтингида 139 та давлат ичида 138 ўринда турибди».

Депутат Сенат қонунни қайтарган тақдирда ҳам Қонунчилик палатасининг кўпчилик депутатлари қонунни қайта қабул қилса, уни Сенатга юбормай, тўғридан-тўғри Президентга имзо қўйиш учун юбориши мумкинлигини эслатиб ўтган. «Балки шу ҳуқуқдан фойдаланиш вақти келгандир», — дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, айнин мазкур қонун лойиҳаси 1 февраль куни Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганди. Ҳужжатда асосий масала ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш билан боғлиқ.

Бироқ, қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида муҳокама қилинаётганда депутат Дониёр Ғаниев ундаги нормалар ҳокимларнинг манфаатлар тўқнашувига шароит яратиб беришини танқид қилганди. Унинг сўзларига кўра, ҳким компенсация ажратишни кўриб чиқиш масаласини ўзига-ўзи киритиши ва уни яна ўзи ҳал қилишига оид тартиб киритилган.

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов эса бунга жавобан «ҳудди шунақа бўлишини» айтганди. «А энди битта бу масалада эмас, бошқа масалаларда ҳам манфаатлар тўқнашуви бўлиши мумкин. Чунки [халқ депутатлари] кенгашининг раиси ҳоким… Ҳокимнинг биринчи ўринбосари ўзи киритмайди, Кузатув кенгаш номидан киритади-ку. Қачонки, [халқ депутатлари] кенгаши раиси [ҳокимдан] бошқа одам бўлади, кейин сиз айтган саволнинг жавоби топилади. Унгача шу, бошқа илож йўқ», — деганди спикер.

Маълумот ўрнида, Конституциянинг 84-моддасига мувофиқ, Сенати томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатасига қайтарилади.

Агар Сенат рад этган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.