2021 йилнинг ноябрь ойи якунларига кўра, 5 млн сўмдан кўпроқ иш ҳақи олувчилар сони 209 мингтага ортиб, 513,2 минг кишини ташкил қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат бюджети даромадларининг 2021 йилдаги ижроси бўйича дастлабки маълумотларида маълум қилинди.

Шунингдек, ушбу даврда 1,6 млндан кўпроқ киши 1 млн сўмгача ойлик иш ҳақи олган. Ушбу миқдорда ойлик олувчилар сони 2021 йилда 152,8 минг нафарга камайган ҳамда уларнинг жами даромад солиғи тушумларидаги улуши 34,5 фоизгача (2020 йилда 40%) пасайган.

Иш ҳақи даражасининг динамикаси. Манба: Молия вазирлиги маълумотлари.

Қуйидагилар тушумлар ошишининг асосий омиллари бўлди:

  • иқтисодий фаолликнинг тикланиши;
  • бюджет секторида энг кам иш ҳақи миқдорининг 2020 йил билан солиштирганда ўртача 12,8%га ошиши;
  • 2020 йилда вақтинча тўхтатиб қўйилган бюджет ташкилотларида моддий рағбатлантириш тўловларининг 2021 йил бошидан қисман тикланиши;
  • хусусий секторда ишловчилар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг легаллаштирилиши.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, 2021 йилда энг кўп маош олувчилар ва энг кам маош олувчилар сони ҳам нобюджет соҳасида кўпроқ бўлган. Жумладан, нобюджет соҳасида 1 млн сўмгача иш ҳақи олувчилар сони 1,1 млндан зиёдроққа ошди ва жами маош олувчиларнинг 24,4 фоизини ташкил қилди. 4 млн сўмдан ортиқ маош олувчиларнинг 487,4 минг нафари ёки жами маош олувчиларнинг 10,4 фоизи ҳам нобюджет соҳасида.

«Бошқача айтганда нобюджет секторида маошлар легаллашмоқда, лекин бу умуман етарли эмас. Агар бизни кутаётган ва ёпирилиб келаётган кризис инобатга олинса, кўп ишчи кучи талаб этадиган соҳалар — қишлоқ хўжалиги, қурилиш, умумий овқатланиш, чакана савдо, автомобиль транспорти, маиший хизмат каби соҳаларда микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ҳеч қурса йил охиригача 1 фоизлик даромад солиғи, 1 фиозлик ижтимоий солиқ режимига ўтиш ҳақида ўйлаб кўриш керак», — дея ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

2021 йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 18,9 трлн сўмни ташкил этди. Даромад солиғи тушумлари 3,8 трлн сўмга ўсган. 2021 йилнинг ноябрь ойи якунларига кўра, жами 4,7 млнга яқин киши (2020 йил ноябрида — 4,4 млндан зиёд) ўз маошларидан даромад солиғи тўлаган. Улардан 42,6% — бюджет ташкилотларининг ходимлари, 57,4% — нобюджет ташкилотларнинг ходимлари. Даромад солиғи тўловчилар сони 2020 йилга нисбатан 263 минг нафарга ортган.

Бундан ташқари, 2021 йилда дивидендлар ва фоизлар тарзидаги солиқ даромадларидан бюджет тушумлари — 552,3 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2020 йил билан солиштирганда 137,5 млрд сўмга кўпроқдир.

Мол-мулкни ижарага бериш бўйича солиқ даромадларидан бюджетга тушумлар 261,4 млрд сўмни ташкил этди ёки 85 млрд сўмга ўсди. Якка тартибдаги тадбиркорлардан бюджетга тушумлар — 396,7 млрд сўм, бу 2020 йил билан солиштирганда 110,4 млрд сўмга кўпроқ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 3,2 млн сўмни ташкил қилгани ҳақида ёзган эдик.