Бухорода муттасил ёғингарчиликлар туфайли қулаб тушган «Талипоч қалъа дарвозаси» қалъаси деворининг бир қисми ва Талипоч дарвозасини таъмирлаш учун Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўм ажратилди, дея хабар бермоқда Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси.

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг март ойида тасдиқланган «2022 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг Манзилли рўйхати»га асосан, мазкур объектни таъмирлаш-тиклаш ишлари Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси томонидан амалга оширилади», — дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, ҳозирги пайтда масъул соҳа мутасаддилари ва мутахассислар томонидан ушбу обектнинг лойиҳа олди ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, деворнинг қулаган қисми 2003 йилда тикланган бўлиб, реставрация жараёнида «шошма-шошарликка йўл қўйилган» ва «таъмирлаш ишлари малакали усталар томонидан амалга оширилмаган».