Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев март куни Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимида Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, гимнастика мактаби юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган умумтаълим давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланади ва ўз фаолиятини 2022/2023 ўқув йилидан бошлайди.

Гимнастика мактаби ўқувчиларининг умумий контингенти жами 165 нафарни ташкил этиб, улар 1−11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади. Бунда гимнастика мактаби ўқувчиларини умумтаълим дастурлари бўйича ўқитиш уларга энг яқин жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида амалга оширилади.

Шу билар бирга, гимнастика мактаби ўқувчиларини текин (имтиёзли) овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови ундирилмайди ҳамда ўқувчилар тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади.

Қарорда тегишли вазирлик ва ташкилотларга 1 августга қадар Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Саракўл кўчаси, 24 м-уй манзилида жойлашган 175-сон умумий ўрта таълим мактабига туташ ҳудудда замонавий гимнастика мактаби ташкил этилиши ва жиҳозланишини таъминлаш топширилди. Бунинг учун Давлат бюджетидан жами 25 млрд сўм йўналтирилади.

Қурилиш вазирлигига эса мактабни инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриш, шинамлик ва экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан доимий давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатиш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг август ойида президент Олимпиада ўйинлари иштирокчилари учрашувида Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шароитлар яратиш бўйича топшириқ берганди.

Октябрь ойида эса Оксана Чусовитина спорт таълими фаолияти билан шуғулланиш учун Chusa sport team масъулияти чекланган жамиятини рўйхатдан ўтказди. У «Газета.uz»га берган интервьюсида мураббий бўлмаслигини маълум қилди. «Мен Ўзбекистонда болалар ва ёшлар спортини ривожлантирмоқчиман ва шу йўналишда ҳаракат қиламан, айнан соғлом миллатни шакллантириш учун», — деган эди Оксана Чусовитина.

Президентнинг 14 мартдаги бошқа бир қарори билан Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби ташкил этилади.