15 март куни Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 250 нафар Ўзбекистон фуқароси, шу жумладан 43 нафар аёл, 20 нафар вояга етгаман шахс ва 8 нафар чақалоқ олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили хабар берди.

28 февралдан 11 мартга қадар 26 та авиарейс ташкиллаштирилган. Дипломатик ваколатхоналарнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган ҳудуддан 5884 нафар ўзбекистонлик, жумладан 300 нафар аёл, 700 дан зиёд 14 ёшгача бўлган болалар, 40 нафар имконияти чекланган шахслар, шунингдек талабалар ва меҳнат мигрантлари олиб чиқилган.

«Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси (вақтинча Львов шаҳрида жойлашган) мамлакатнинг чекка ҳудудларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини эвакуация пунктларига олиб келиш юзасидан ёрдам кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан ҳужжати йўқ 322 нафар ўзбекистонлик учун Ватанга қайтиш учун сертификатлар расмийлаштирилган.