Тошкент тиббиёт академияси биноси қурилишида 22,4 млрд сўм маблағ самарасиз сарфлангани аниқланди. Бу Ҳисоб палатасининг 2021 йилга мўлжалланган ҳисоботида келтирилган, дея хабар қилди депутат Расул Кушербаев.

Таъкидланишича, дастлабки бажарилган, лекин тугалланмаган қурилишлар лойиҳаси қайта ишлаб чиқилиши натижасида маблағлар беҳуда харж қилинган.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаларида иш ҳақи учун ажратилган маблағларни мақсадли сарфланиши бўйича ўтказилган текширувларда 9 та туман ва шаҳарда 16,7 млрд сўм бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланган.

«Масалан, Ургут туманида 2,3 млрд сўм, Андижон туманида 1,8 млрд сўм, Улуғнорда 1,7 млрд сўм, Боёвутда 1,2 млрд сўм иш ҳақи учун маблағлар сохта тўлов «ведомост"ларини расмийлаштириш орқали ноқонуний ўзлаштирилган», — деб ёзади депутат.

Қолаверса, соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Тиббиёт қурилиш инжиниринг» корхонаси назоратида бўлган қурилиш таъмирлаш ишларида қўшиб ёзиш, қурилиш материалларига қиммат нархларни қўллаш орқали 11 млрд сўм бюджет маблағлари ортиқча сарфлангани маълум қилинди.

Аввалроқ, Ҳисоб палатаси оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган 2,8 трлн сўмлик кредитлар муаммоли ҳолатда эканини маълум қилганди. Жумладан, Навоий вилоятида мазкур дастур бўйича ўзаро алоқадор уч фуқарога 51 та кредит шартномаси билан ажратилган 867 млн сўм кредитлар мақсадсиз ишлатилган.