Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ДХХнинг Оқдарё тумани бўлинмаси билан тезкор тадбир ўтказилган.

Унда аниқланишича, фуқаро Х. Р. «Б.Т.» МЧЖ таъсисчиси Ф. Х. билан олдиндан тил бириктириб, МЧЖга Самарқанд шаҳри, «Қорасув» массивидан Хитой технологияси асосида иссиқхона қуриш учун ажратилган 0,5 гектар суғориладиган ер майдонини белгиланган мақсадларда фойдаланмасдан, фуқаро А.га 60 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Гумонланувчилар шундан 20 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229−6-моддаси (суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Пахтачи туманларида ҳам ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлган шахсларни қўлга олингани ҳақида хабар қилган эдик.