Қозоғистонда мамлакатдан 10 минг доллардан ортиқ миқдорда нақд валюта олиб чиқиб кетиш тақиқланди. Бу ҳақда президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Қарорда нақд пулдан ташқари мамлакатдан 5, 10, 20, 50 ва 100 граммлик олтин қуймалар ва олтин-кумуш инвестицион тангаларини ҳамда 100 граммдан оғирроқ бўлган аффинланган олтинни олиб чиқиш ҳам тақиқланди.

Бунгача, Қозоғистондан 10 минг доллардан ортиқ пулни декларациялаш орқали, 100 минг доллар маблағни эса келиб чиқиш манбаини кўрсатувчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда олиб чиқиш мумкин бўлган.

«Кейинги кунларда вазиятдан фойдаланиб иттифоқдаги Россия субъектлари Қозоғистондан оммавий тарзда нақд валюта олиб чиқиб кетиши ҳолатлари жуда кўпайиб кетган эди. Ҳозирги кризис ҳолат учун тўғри қарор», — дея ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

14 февралдан 14 мартгача долларнинг тенгега нисбатан курси ўзгариши. Манба: Қозоғистон Миллий банки.

Долларнинг тенгега нисбатан курси 24 февралдан — Россиянинг Украинага бостириб кириши ва кейинчалик рубль ҳамда Россия индекслари тушиб кетганидан бошлаб кескин кўтарила бошлади. Агар 24 февралда бир доллар 437,22 тенге бўлган бўлса, 14 мартда 1 доллар 510,79 тенгени ташкил қилган, яъни Қозоғистон валютаси уч ҳафта давомида 16,8 фоизга қадрсизланган.

Валюта бозоридаги босимни камайтириш ва инфляцион кутилмаларни сақлаб қолиш учун Қозоғистон Миллий банки базавий ставкани дарҳол 3,25 пунктга ошириб, 13,5 фоизга етказди. Жисмоний шахсларнинг тангадаги омонатлари бўйича буджет маблағлари ҳисобидан компенсация ҳисоблашни назарда тутувчи танга омонатларини ҳимоя қилиш дастури эълон қилинди ва бошқа чоралар кўрилди.

Миллий банк раиси ўринбосари Алия Молдабекованинг айтишича, 21 февралдан ой охиригача валюта бозоридаги беқарорликни олдини олиш мақсадида регулятор томонидан умумий қиймати 273,7 млн долларлик интервенциялар амалга оширилган.

Ўзбекистондан қанча валютани олиб чиқиш ва мамлакатга қанча олиб кириш мумкин?

Айни пайтда жисмоний шахслар Ўзбекистон ҳудудига чекланмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб киришлари мумкин. Бироқ, бу муайян тартиб-қоидаларда амалга оширилади. Агар олиб кирилаётган нақд хорижий валютанинг умумий суммаси 70 млн сўм эквивалентидан ошса, йўловчи бу ҳақда божхона декларациясида кўрсатиши шарт, нақд чет эл валютаси эса 70 млн сўм эквивалентидан кам бўлса, оғзаки декларациялаш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистонга олиб кирилаётган нақд хорижий валюта миқдори 70 млн сўмдан ортиқ бўлса ва декларация қилинмаса, бу қонун бузилиши ҳисобланади. Бундай ҳолда, маблағлар расмийлаштирилади ва олиб қўйилади. Тегишлилигига кўра, маъмурий ёки жиноий иш қўзғатилади. Нақд хорижий валютанинг кейинги тақдири суд қарори билан ҳал қилинади.

Жисмоний шахсларга Ўзбекистондан 100 млн сўм ва ундан кам миқдорда маблағ олиб чиқишга рухсат берилади. Бу tрда қуйидагиларни ёдда тутиш лозим:

  • 70 млн сўм миқдоридаги, яъни ушбу суммадан кўп бўлмаган нақд хорижий валютани ёзма божхона декларациясида кўрсатилмасдан, оғзаки декларация қилиш йўли билан олиб чиқишга рухсат этилади.
  • 70 млн сўмдан 100 млн сўмгача эквивалентдаги нақд хорижий валюта божхона декларациясида кўрсатилган ҳолда олиб чиқилиши шарт.

100 млн сўм эквивалентидан ортиқ нақд хорижий валютани олиб чиқишга қуйидаги ҳолларда рухсат этилади:

  • резидентлар — хорижий давлатларга хизмат сафарига кетаётган ҳукумат делегацияси аъзолари учун Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида;
  • норезидентлар — мамлакатга кириш чоғида расмийлаштирилган йўловчи божхона декларацияси асосида декларация қилинган маблағлар доирасида (мисол учун, хорижий фуқаро Ўзбекистонга кириш чоғида 15 минг АҚШ долларини олиб кирган бўлса, бу ерда қанчадир маблағини сарфлагач, қолган қисми 100 млн сўмдан ортиқ бўлса-да, олиб чиқиб кета олади);
  • мамлакатда белгиланган тартибда ташкил қилинган халқаро мусобақалар (танловлар, олимпиадалар) совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан маблағларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, 100 млн сўм эквивалентидан ортиқ нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат фақатгина норезидентларга татбиқ этилади. Резидентларга, яъни Ўзбекистон фуқароларига, қанча миқдорда нақд хорижий валютани олиб кирганларидан қатъи назар, 100 млн сўмдан ошмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат этилган.

Маълумот учун, юридик шахслар томонидан нақд сўмни ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистонга олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тақиқланади, бундан республикадаги банклар мустасно.