Ўзбекистон ва Қозоғистон 16 мартдан мунтазам автобус қатновини тиклайди, деб хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Шу кундан бошлаб қуйидаги йўналишлар бўйича қатновлар йўлга қўйилади:

  • Тошкент — Олмаота;
  • Тошкент — Иргели (Олмаота чеккаси);
  • Тошкент — Қизилўрда;
  • Тошкент — Нур-Султон;
  • Тошкент — Туркистон;
  • Тошкент — Чимкент;
  • Чирчиқ — Олмаота;
  • Чирчиқ — Чимкент.

Шунингдек, Транспорт вазирлиги Қозоғистон орқали Россия ва Қирғизистонга транзит автобус ташувларини ташкил этиш юзасидан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги халқаро автобус қатнови 2020 йилнинг 16 март куни, коронавирус пандемияси бошланган пайтда тўхтатилган эди. Кейинчалик қуруқлик чегараси бир неча бор очилди, лекин шундан бери автобус қатнови тикланмаганди.

2022 йил 15 январдан коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини кесиб ўтишга вақтинчалик чекловлар киритди. Чекловлар ҳаво қатнови, юк машиналари ҳайдовчилари ва бошқа айрим тоифадаги фуқароларга тааллуқли эмас.

Февраль ойи охирида томонлар ер усти йўловчиларига хизмат кўрсатишни тиклаш режаларини муҳокама қилганди.

Автобус билетлари бўйича маълумотларни «Тошкент» автовокзалидан олишингиз мумкин.

Телеграм канали: https://t.me/Toshkent_Avtovokzali

Автовокзал телефон рақами: 71 207−87−00

Сайти: http://avtovokzal24.uz