Тошкент халқаро аэропортида қўшни давлат фуқаро белгиланган миқдордан кўпроқ валютани мамлакатдан олиб чиқишга урингани аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот котиби Хусан Тангриев «Газета.uz»га маълум қилди.

Божхонадаги яшил йўлак орқали Истанбулга кетаётган қўшни давлат фуқаросининг юклари назорат-рентген ускунаси экранидаги тасвирларда шубҳали кўринган.

Шундан сўнг, ўтказилган текширув вақтида у 27 300 АҚШ доллари ҳамда 1,8 млн рублни тамаки қутилари ичига яшириб олиб ўтмоқчи бўлгани аниқланган.

Фото: Видеодан лавҳа.

Қўмита матбуот хизмати қўшимча қилишича, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Давлат божхона қўмитаси халқаро аэропортда 286 900 АҚШ долларини норин, кабоб, паҳлава каби егуликлар орасига яшириб, ноқонуний олиб чиқишга уринган шахслар ушлангани ҳақида хабар берганди. Яна бир ҳолатда эса, 300 минг АҚШ долларидан зиёд нақд хорижий валютани дафтар варақлари орасига ва кийимларига яшириб, олиб чиқишга уринган 2 нафар шахс давлат божхона хизмати томонидан тўхтатиб қолинганди.

Эслатиб ўтамиз, Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистоннинг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш 100 млн сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади. Жисмоний шахслар томонидан валюталарни Ўзбекистонга олиб кириш эса чекловларсиз амалга оширилади.