Янгийўл туманида «Тошкент-Термиз» автомобиль йўлининг 838-километрида автобус ёниб кетди, деб хабар берди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати.

Воқеа 11 март куни соат 17:00 ларда содир бўлган, «Isuzu» русумли автобус 1957 йилда туғилган К.Т. бошқарувида бўлган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Ҳодиса натижасида фуқаролар тан жароҳати олмаганлиги айтилмоқда.

Фотосуратлардан кўриш мумкинки, автобуснинг ички қисми тўлиқ ёниб кетган. Ушбу ҳодиса юзасидан Янгийўл тумани ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Шу куни Тошкент шаҳридаги аварияда бир киши ҳалок бўлди. Воқеа Яшнобод тумани Содиқ Азимов кўчасида содир бўлди.

«Lacetti» ҳайдовчиси (1983 йилда туғилган) тахминан соат 23:00 да йўлнинг қатнов қисмини белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. «Натижада 1962 йилда туғилган 60 ёшли пиёда тан жароҳатлари оқибатида эртаси куни касалхонада бемор вафот этди», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатди. Тергов ишлари олиб борилмоқда.