Украинадаги уруш натижасида мамлакат иқтисодиёти икки ҳафта ичида 100 млрд доллар зарар кўрган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Петерсон халқаро иқтисодиёт институти онлайн-тадбирида Украина президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Олег Устенко маълум қилди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги.

Зеленскийнинг маслаҳатчиси бу зарар тахминий эканлигини ва бузилган инфратузилма, бинолар, йўллар, кўприклар, шифохоналар ва бошқа моддий бойликларни ўз ичига олишини таъкидлади. Уруш сабаб Украинадаги корхоналарнинг 50% тўлиқ фаолиятини тўхтатган, қолган ярми эса ўз қувватидан анча паст даражада ишламоқда.

Олег Устенко бундай зарарни тиклаш учун маблағларнинг бир қисми Россиянинг бутун дунё бўйлаб музлатилган активлари, шу жумладан Россия Марказий банкининг мамлакат ташқарисида жойлашган ва Ғарб санкциялари билан иммобилизация қилинган активлари ҳисобидан қопланиши мумкинлигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, рус олигархларининг мусодара қилинган активлари ҳам реконструкция фондига ўтказилиши мумкин.

Президент маслаҳатчисининг сўзларига кўра, ҳозирда Украинанинг бюджет захиралари 27,5 млрд долларни ташкил этади, Россиянинг ҳарбий операцияси бошланишидан олдин захиралар 30 млрд доллар атрофида бўлган.