10 март куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида «Ширин» МФЙ ҳудудида рухсатсиз 3 туп чинор дарахтини ўзбошимчалик билан кесиб ташлагани аниқланди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Қўқон шаҳар бўлими давлат инспекторлари бу ҳодисани атрофлича ўрганиб, табиатга 103 млн 950 минг сўмлик зарар етказилган деб топди.

Шунингдек, фуқаро Б.Қ.га МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига асосан БҲМнинг 5 баробари (1 350 000 сўм) миқдорида жарима ҳам қўлланилди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.

Мисол тариқасида, январь ўрталарида Андижон вилояти перинатал марказида 12 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда Ўзбекистон Экология давлат қўмитаси «дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳудуддаги дарахтларни кесиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилмаган. Мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган», — деб маълум қилган эди.

Бундан ташқари, 3 ферваль куни Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд қилингани ҳақида ёзгандик. Тадбиркор соат 18:13 да бетон аралаштирувчи машина ва 15 га яқин ишчилар билан келиб, дарахтлар тагини бетонлаб ташлади. Унинг бу ҳаракатлари видеокузатув камераларига тушиб қолган. Аҳоли мурожаатига кўра, «Газета.uz» воқеа жойига етиб бориб, видеорепортаж тайёрлади.