Жанубий Кореяда 9 март куни бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижалари эълон қилинди. Асосий мухолифат партияси — Фуқаролик кучлари номзоди Юн Сок Ёл беш йиллик муддатга давлат раҳбари этиб сайланди, деб хабар бермоқда The Korea Times.

Мамлакатнинг собиқ бош прокурори ҳукмрон Бирлашган Демократик партиядан номзод Ли Чжэ Мёндан бир фоизга ҳам камроқ фарқ билан ўзган ҳолда умумий овозларнинг қарийб 48 фоизини (тахминан 16 млн) қўлга киритди. Сайловчиларнинг 77 фоиздан ортиғи иштирок этди. Сайлов куни дам олиш куни деб эълон қилинди. Коронавирус билан касалланганлар учун алоҳида овоз бериш ташкил этилди.

Фото: The Korea Times.

Сайловдан бир ҳафта олдин марказчи Халқ партиясидан учинчи энг оммабоп номзод Ан Чул Су ўз номзодларини Юн Сок Юл билан бирлаштиришини эълон қилди.

Кетма-кет 15-сайловдан сўнг Миллий Ассамблеяда сўзга чиққан 61 ёшли Юн Сок Ёл натижани шахсий ёки партиянинг ғалабаси эмас, балки «халқнинг ғалабаси» деб атади. У бошқа номзодларга миннатдорчилик билдириб, «халққа яхшироқ хизмат қилиш» учун Демократик партия билан ҳамкорлик қилишга ваъда берди.

Сайланган президент асосий эътиборни янги иш ўринлари яратиш, бизнес шароитларини яхшилаш, давлат органлари фаолиятини тартибга солиш ва коронавирус пандемияси фонида иқтисодиётни тиклашга қаратмоқчи.

Юн Сок Ёл 10 майдан бошлаб амалдаги президент Мун Чжэ Ин лавозимини эгаллайди. Бунгача у амалдаги президентдан янги президентга ваколатларни ўтказиш бўйича қўмита тузади.

Ҳукмрон партиядан номзод Ли Чжэ Мён Юн Сок Ёлни ғалабаси билан табриклади ва уни мамлакатни миллий бирликка эришиш учун бўлинишларни енгиб ўтишда ёрдам беришга ундади.