9 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус ОАВ учун ўтказилган матбуот анжуманида COVID-19 ва Украина юзасидан нутқ сўзлади.

У икки йил аввал, 2020 йилнинг 11 март куни ЖССТ томонидан дунёда коронавирус пандемияси бошлангани расман эълон қилингани ва орадан икки йил ўтиб вирусдан 6 миллиондан ортиқ одам вафот этганини таъкидлади.

«Дунё бўйлаб касаллик ва ўлим ҳолатлари сони камайиб бораётган ва бир нечта мамлакатлар чекловларни олиб ташлаган бўлса-да, пандемия тугашига ҳали анча бор — ва у ҳамма жойда тугамагунча ҳеч қаерда якунланмайди. Осиё ва Тинч океани ҳудудидаги мамлакатлар касалланиш ва ўлим ҳолатларининг кескин ортишига дуч келмоқда», — деди Тедрос Гебрейесус.

Унинг таъкидлашича, «вирус ривожланишда давом этмоқда ва ҳали ҳам зарур жойларга вакциналар, тестлар ва даволаниш усулларини кенг тарқатишда жиддий тўсиқларга дуч келинмоқда».

«ЖССТ айрим мамлакатлар тест текширувларини кескин камайтираётганидан хавотирда. Бу бизга вируснинг қаерда жойлашганлиги, қандай тарқалаётгани ва қай тарзда ривожланаётганини кузатишимизга тўсқинлик қилади. Синов кенг қамровли стратегиянинг бир қисми сифатида пандемияга қарши курашда муҳим восита бўлиб қолмоқда», — дейилади баёнотда.

ЖССТ бугунги кунда COVID-19 бўйича одамлар ўз-ўзидан тест таҳлилини олишга оид янги йўриқномани эълон қилган.

«Бугунги кунга қадар ЖССТ профессионал фойдаланиш учун 5 та тезкор антиген тестларни фавқулодда фойдаланиш рўйхатига киритди ва биз ўз-ўзини тест қилишни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маълумотларни йиғмоқдамиз», — деди ЖССТ раҳбари.

ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўлиши техник гуруҳи раҳбари Мария ван Керкхове Женевада бўлиб ўтган брифингда расман Европада «дельтакрон» пайдо бўлганини тасдиқлади, деб ёзмоқда РИА Новости. «У Франция, Нидерландия ва Данияда аниқланди. Бироқ, (бу штамм билан касалланиш — таҳр.) жуда паст даражада қайд этилди», — деди у.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, пандемия бошлангандан буён дунёда қарийб 452 миллион киши COVID-19 инфекцияси билан касалланган. Шунингдек, инфекциянинг олдини олиш мақсадида жами 11 миллиард дозага яқин вакцина қўлланилган.

Маълумот учун, 2022 йил 9 март ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси расман қайд этилганлар сони 237 059 нафарни ташкил этади. Касалликдан вафот этганлар сони эса 1636 нафарга етган. 10 март ҳолатига Ўзбекистонда жами 46 651 764 доза вакцинадан фойдаланилган.