Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимов ҳамда давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда гумон қилинган бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноий иш тафсилотлари ошкор қилинди.

Маълум қилинишича, тергов давомида Карим Масимовнинг ҳаракатларида «кўплаб коррупция белгилари» аниқланган. Хусусан, «маҳаллий ишбилармон доиралар вакиллари ва хорижий субъектлардан кўчмас мулк, қимматбаҳо совғалар, жумладан, маданий бойликларни, катта миқдордаги маблағларни ноқонуний олиш фактлари ҳужжатлаштирилган».


Масимов Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган вақтида ёпиқ шартномалардан бири бўйича хорижий давлат вакилларидан 2 миллион доллар миқдорида пора олгани факти ҳам текширилмоқда. Айни вақтда мазкур маблағлар Гонконгдан Қозоғистон Миллий банкига қайтарилган.


Бундан ташқари, Масимовга нисбатан бош вазир бўлиб ишлаган даврида бизнес тузилмаларидан биридан пойтахтда қиймати қарийб 2,5 миллиард тенге (деярли 5 миллион доллар) бўлган элита меҳмон уйи ва ер участкасини «олгани» юзасидан тергов бошланган.

«Масимов 2022 йил январида ҳибсга олинганидан сўнг ушбу меҳмон уйидан 17,2 млн доллар нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар — қимматбаҳо соатлар, тилла қуймалар, антиқа буюмлар ва бошқа кўп нарсалар олиб қўйилди. Бундан ташқари, унга тегишли бизнес-классдаги 11 та қимматбаҳо автомобиль мусодара қилинди», — дейилади хабарда.


Миллий хавфсизлик қўмитаси гумонланувчининг Нур-Султондаги иккита ҳашаматли квартираси, Олмаотадаги иккита квартирасини ва қасрини, шунингдек, Щучинск-Боровск курорт ҳудудида кўл бўйидаги 1 гектар ер участкасини ҳам олиб қўйган.


«Масимовнинг яқинларидан 5,1 млн доллар мусодара қилинди ва хатланди. Бир вақтнинг ўзида, Масимов ва унинг атрофидагилар томонидан чет эл банкларидаги ҳисоб рақамлари орқали ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилган бундан ҳам каттароқ маблағларни қидириш, хатлаш ва Қозоғистонга қайтариш бўйича ишлар ташкил этилди», — дейилади қўмита хабарида.

56 ёшли Карим Масимов 2016 йил сентябридан 2022 йил 6 январигача Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқарган. У йил бошида мамлакатдаги оммавий норозилик намойишлари фонида ишдан бўшатилган эди. Масимов мазкур лавозимдан аввал турли йилларда Қозоғистон бош вазири, президент маъмурияти раҳбари, президент ёрдамчиси мансабларида ишлаган.