2021 йилнинг августида пора олган вақтида қўлга тушган Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарига оид суд жараёни якунига етди.

«Газета.uz» Абдухалилжон Нурматов ва «Қўқон минтақавий темир йўллари узели» УК молия бўлими бошлиғи ўринбосари О. Мамажонов бир тадбиркорга мазкур темир йўл узели балансида бўлган 2,5 гектар ер майдонидаги бино ва иншоотлар бўйича ўтказиладиган аукционда унинг фойдасига қарор чиқартириб бериш эвазига 180 минг доллар талаб қилганликда гумонланаётгани ҳақида ёзганди.

Мансабдорлар ушбу маблағдан 10 минг долларини олаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тезкор ходимлари томонидан ушланганди.

ЎзАнинг ёзишича, мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди томонидан кўриб чиқилди.

Суд Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдухалилжон Нурматовга 5 йил 6 ойга, О.Мамажоновга эса 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.